Қорақалпоғистонда ер ажратишнинг соддалаштирилган тизими жорий этилади. Бу ҳақда 19 август куни Шавкат Мирзиёев раислигида Кегейли туманида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Қайд этилишича, Нукус шаҳрида 1 млн доллар, қолган туманларда 300 минг доллар инвестиция киритиш шарти билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши қарори асосида ер участкалари тўғридан-тўғри бериляпти. Инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун тўғридан-тўғри ер ажратиш ҳуқуқи фақат Қорақалпоғистонда жорий этилган.

Кичик инвестицияларга ҳам ер тўғридан-тўғри берилса, инвесторлар Нукус шаҳри, туман марказлари ва йўл бўйларида камида 2 минг аҳолини иш билан таъминлаши мумкин. Давлат раҳбари бундай кичик ва ўрта лойиҳаларга ерни тўғридан-тўғри ажратиш таклифини маъқуллади.

Умуман, Қорақалпоғистонда амалга оширса бўладиган яна 9,5 млрд долларлик 120 та истиқболли лойиҳалар тайёрлангани маълум қилинди.

Сентябрь ойида Қорақалпоғистонда йирик Инвестиция форумини ўтказиш режа қилинган. Масъулларга форумга пухта тайёргарлик кўриш топшириғи берилди.

2023 йилда Қорақалпоғистондаги саноат лойиҳаларига 100 миллион доллар ажратилди. Нукус шаҳрида саноат ипотекаси асосида тадбиркорларга бериладиган 35 минг квадрат метр майдони бор илк лойиҳа ишга тушяпти. Бир ой ичида яна бир шундай объект фойдаланишга топширилади.

Президент мутасаддиларга ушбу тажрибани оммалаштириб, йил якунигача Нукус эркин иқтисодий зонаси ҳудудида замонавий технопарк ташкил қилиш топширилди. Бунда, бизнес учун тайёр бинолар қурилиб, тадбиркорларга 10 йилга лизингга беради.

Қорақалпоғистонда саноатни ривожлантириш учун яна 100 млн доллар йўналтирилади.

2021 йилда президент фармони билан ҳокимликларнинг ерни тўғридан-тўғри ажратиш ваколати бекор қилинганди. Шунингдек, уларнинг ер участкаларини фойдаланишга бериши, келгусида ажратиш учун захиралаши, бириктириши, ободонлаштириш учун бериши ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиши ҳам бекор бўлганди.