Шавкат Мирзиёев 20 август куни Нукусда тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида ер участкаларини сотиб олиш ва улардан самарали фойдаланишга кўмаклашиш чора-тадбирларини маълум қилди.

Қайд этилишича, ер бозори шаклланиши таъсирида янги инвестиция лойиҳаларида ер сотиб олиш харажатлари «кескин ортиб бормоқда». Томорқа сотиб олишга катта маблағ сарфлаган тадбиркорга қурилиш, машина ва жиҳозлар учун маблағ етишмаяпти, деди давлат раҳбари.

Эндиликда тадбиркор аукциондан ер сотиб олганда унга қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш бекор қилинади. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида сотилган ер бўйича харид суммасини уч йилгача, қолган ҳудудларда беш йилгача, 4 ва 5-тоифа туманлар учун эса ўн йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади. Энди тадбиркорлар дарҳол тўлов қиламан деса, 20 фоизгача чегирма берилади.

Бундан ташқари, йирик лойиҳаларда тадбиркор ер участкасининг қийматини давлат улуши сифатида устав капиталига қўшиши мумкин бўлади. У исталган вақтда бу улушни қайтариб сотиб олиши мумкин. Натижада жорий йилда тадбиркорлар ихтиёрида 3 триллион сўм бўлиши таъкидланди.

Давлат раҳбари кўплаб тадбиркорлар ер йўқлиги сабабли янги лойиҳа бошлай олмаганини таъкидлади. Аксинча, «аукциондан сотиб олдим, энди менинг мулким» деб, ерни қаровсиз ташлаб қўйган «уддабуронлар» ҳам кўп, деди у.

«Ер — энг чекланган ресурсимиз ва у доим иқтисодий наф келтириши керак», — деди президент.

Шу боис, янги ерларни ажратишда биноларни лойиҳалашдан объектни топширишгача бўлган муддатлар мажбурий кўрсатилади.

Шу билан бирга, қурилиш даврига ер солиғи бўйича 50 фоиз имтиёз берилади (вилоят марказларидан ташқари). Қурилишга рухсат олиш муддати давлат органи айби билан ўтказиб юборилса, қурилиш вақти шу муддатга узайтириб берилади. Муддатида бўлмаса, ер суд орқали қайтариб олинади ёки бошқа тадбиркорга сотилади.

Аввал хабар қилинганидек, тадбиркорларга элетр энергияси ва газдаги лимитдан ортиқча фойдаланишдаги юқори тарифларлар суммаси пасайтирилади. Президентнинг айтишича, энди тадбиркорлар лимитдан 20 фоизгача ошиб кетса ҳам, базавий тариф сақланиб қолади, ошган қисмига тўлов эса 20 фоиз қимматлашади.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича янги чора-тадбирларни ҳам маълум қилди. Микрокредит лимитини 300 миллион сўмгача ошириш, микромолия ташкилотлари учун қўшимча ресурслар ажратиш, факторинг хизматлари ва исломий молиялаштириш бозорини ривожлантириш шулар жумласидандир.