Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ёш ёввойи шер ноқонуний сақланаётгани аниқланди, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, шерни фуқаро Э.С. Ашхобод маҳалласида жойлашган бинода боқиб келган.

Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 92-моддасига (Ҳайвонлар яшайдиган муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини, зоологик ва ботаник коллекцияларни вужудга келтириш ва улар билан савдо қилиш қоидаларини бузиш, худди шунингдек ҳайвонларни ўзбошимчалик билан бошқа жойга кўчириш, иқлимлаштириш ёки чатиштириш) кўра баённома расмийлаштирилган. У БҲМнинг 5 баробари — 1 миллион 700 минг сўм миқдорида жаримага тортилган.

Ёввойи йиртқич ҳайвон эса вақтинча сақлаш учун Нукус ҳайвонот боғига топширилган.

Ҳозирда шер боласи қандай ва қаердан олиб келинганини аниқлаш юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.