Наманган вилоятининг Чортоқ туманида ноқонуний дори савдоси билан шуғулланган тез тиббий ёрдам фельдшери ва унинг шериклари Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ва божхона органлари томонидан қўлга олди. Telegram’даги Xavfsizlik канали 30 январь куни ўтказилган тезкор тадбир лавҳаларини эълон қилди.

Гумонланувчи уйидан Cobalt автомашинасида чиқиб кетаётган вақтида тўхтатилиб, машина кўздан кечирилганда, унинг салонида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 1000 дона «Зодак» дори воситаси борлиги аниқланган. Маълум бўлишича, фельдшер ушбу дори воситаларини сотиш мақсадида Андижон вилоятига юбормоқчи бўлган.

Шунингдек, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, дори воситалари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган яширин цех борлиги аниқланди. Унда сотиш учун тайёрлаб қўйилган 763 дона «Анаферон», 2125 дона «Зодак», 4000 дона «Витамин В6» дори воситалари, 570 дона номсиз флаконларда сироплар, дори препаратларини қадоқлашда фойдаланиладиган флаконлар, пластик қопқоқ ва пробкалар, дори қутилари ва йўриқномалари процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Келтирилишича, у дори воситаларини тайёрлаш ва сақлаш учун ўзининг 47 ёшли опаси ва 50 ёшли қариндошини жалб қилган. Тадбир давомида унинг опасининг уйидан ҳам 120 дона «Зодак», 260 дона «Анаферон», 96 дона «Хилак Форте» ва 313 дона номсиз флаконларга солинган сироп ҳолидаги дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов жараёнида тез ёрдам фельдшерини дори воситалари тайёрлашда керак бўладиган этикетка, флакон, қопқоқ ва пробкалар, дори қутилари ҳамда йўриқномалар билан андижонлик 33 ёшли шахс таъминлаб тургани аниқланди.

Шунингдек, ушбу жиноятга алоқадор бўлган 40 ёшли қўқонлик фуқаронинг уйида ҳам тинтув-тергов ҳаракати ўтказилган. Унда тез ёрдам фельдшеридан сотиб олинган, умумий қиймати 27 млн 646 минг 800 сўмлик 150 дона «Зодак» ва 146 дона «Хилак Форте» дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Тергов жараёнида дорининг ноқонуний олди-соттисига Чортоқ туманида яшовчи 30 ёшли тиббиёт йўналишидаги давлат олий таълим муассасасининг талабаси ҳам алоқадор эканлиги маълум бўлди. Яширин цех шароитида тайёрланган дори воситалари асосан Андижон ва Қўқон шаҳарларида сотувга чиқарилган.

Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди томонидан мазкур шахслар Жиноят кодексининг 186−3-моддасида (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш… бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Чортоқ туман тез тиббий ёрдам фельдшери ҳамда уни хом-ашё билан таъминлаб турган, Андижон шаҳрида яшовчи фуқарога 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қолган 4 нафар шахснинг ҳар бири 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Ашёвий далил сифатида олинган барча дори воситалари эса тегишли тартибда йўқ қилинди.