Шавкат Мирзиёев 20 август куни Нукусда тадбиркорлар билан учрашувда умумий овқатланиш ва меҳмонхона хизматлари соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чора-тадбирларни маълум қилди.

Давлат раҳбари уларнинг энг катта муаммоси қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва ишчилар ҳисобини юритиш эканидан хабардорлигини таъкидлади.

Шу боис кейинги йилнинг 1 январидан умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисми тадбиркорга «кешбэк» сифатида қайтариб берилади. Бунда ойлик айланмасининг 60 фоизини нақд пулсиз амалга оширган корхоналарга ҚҚСнинг 40 фоизи тўланган заҳоти қайтарилади. Агар нақд пулсиз айланма 60 фоиздан кам бўлса, «кешбэк» 20 фоиз бўлади.

ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.

Уларга баҳор ва ёз мавсумида ўзларига туташ майдонларда стол-стул ва соябон қўйиб ишлашга рухсат берилади.

Ресторан ва кафелар ишчилар билан қисқа муддатли, соддалашган меҳнат шартномасини тузиши мумкин бўлади.

Худди шу каби 1 октябрдан меҳмонхона ва туроператорларга ҳам тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи «кешбэк» қилиб берилади.

Аввалроқ ресторатор Тимур Мусин овқатланиш корхоналари учун ҚҚС даромаддан эмас, айланмадан тўланишини таъкидлаган эди. ҚҚС, шунингдек, бошқа солиқлар ва тўловларга кетадиган 20 фоиз маржа бизнеснинг «тоза» ишлашига имкон бермайди. Тадбиркор умумий овқатланиш корхоналари учун ҚҚС ставкасини икки баравар — амалдаги 12 фоиздан 6 фоизга камайтиришни таклиф қилган.

2022 йилнинг август ойида молия вазирининг собиқ ўринбосари Дилшод Султонов бир қатор маҳсулотларга ҚҚС миқдорини нолга тушириш самараси «нолга тенг» бўлганини айтган эди. Бундан ташқари, бу умумий овқатланиш саноатида солиқ занжиридаги узилишларга олиб келган.