Олий Мажлиснинг навбатдаги йиғилишида «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши ва турар жойи бўйича хабардор қилиши тартиби тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил май ойидаги фармонида 2011 йилдан бери амалда бўлган қонунни янгиланган Конституцияга зид деб бекор қилиш назарда тутилган. Ҳозирда қонунга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 12 тоифадаги фуқаролар доимий рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга.

Пойтахт ва Тошкент вилоятида «фуқароларни доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқлар юзага келмоқда» дейилади парламент қуйи палатаси хабарида.

Қонун лойиҳаси билан юқорида таъкидланган қонун бекор қилиниб, республика бўйича фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишининг ягона тартибини жорий этиш, шунингдек, вақтинча турган жой бўйича рўйхатдан ўтиш тартибини такомиллаштирган ҳолда турар жой бўйича хабардор қилиш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Яъни эндиликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун алоҳида, бошқа вилоятлар учун эса алоҳида рўйхатга олиш тартиби бўлмайди, бундай амалиётдан воз кечилади, республика бўйича бир хил тартиб амал қилади.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 32-моддасида Ўзбекистон ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.

Бундан ташқари, аҳолининг айрим ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасида белгиланган паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштириш таклиф этилмоқда.

Жумладан, ўн саккиз ёшгача бўлган, олтмиш ёшдан ошган ёки тўлиқ давлат таъминотида бўлган, шунингдек жазони ижро этиш муассасасидан жазони ўтаб чиққан, шунингдек, фавқулодда вазиятлар, турар ёки нотурар жойларнинг ёниши, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши каби ҳодисалар рўй берганлиги натижасида жабрланган шахслар эндиликда паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарликдан тўлиқ озод этилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди (жами 3 та ўқиш бўлиб ўтади).