Европа Иттифоқи давлатлари Россияга қарши жорий этилган санкциялардан қочиш муаммосини ҳал қилиш учун Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларидан ёрдам сўраши керак, деб ёзди The Economist.

«Украинадаги урушдан Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари иқтисодлари фойда кўраётганга ўхшайди», — дейилади материалда. Нашр маълумотларига кўра, Марказий Осиёнинг бешта давлати иқтисодиёти 2022 йилдаги 4 фоизга нисбатан 2023 йилда жами 6 фоизга, Арманистон иқтисодиёти эса 2022 йилдаги 5 фоизга нисбатан 8 фоизга ўсган. Логистика соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда, юк ташиш йилига 20 фоизга ошмоқда.

Бу европалик сиёсатчилар учун ёмон янгилик, таъкидлади The Economist. «Биз қандайдир соядаги фаолиятни кутган эдик, аммо ҳозир биз билиб турган миқёсда эмас», — деди нашрга исми ошкор этилмаган ЕИ расмийси.

ЕИ учинчи давлатлар ва уларга экспорт қилувчи европалик ишлаб чиқарувчиларга қарши иккиламчи санкциялар билан таҳдид қилганди, бироқ фақат бир нечта компанияларга нисбатан чора кўрди. Қора рўйхатга киритилган ҳар бир компания учун бошқа жойда бошқаси рўйхатдан ўтган, деб ёзди нашр.

«Ҳақиқий ечим топиш учун Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларидан ёрдам сўраш керак. Бу осон иш эмас. Минтақа сиёсатчилари ўзларининг Россияга яқинлигини қадрлайди ва қоидаларни бузишдан кўпинча шахсан фойда кўради. Бироқ европаликлар уларга имтиёзлар таклиф қилиши мумкин эди», — деб ҳисоблайди The Economist.

Нашр мисол тариқасида ЕИ ёрдам, кредит ва шартномалар шаклида 270 миллион евро ажратганидан кейин Россия билан савдо қилувчи фирмаларни ёпишни бошлаган Арманистонни келтирди.

«Альтернатив сифатида Европа ширинлик ўрнига қамчи ишлатиши мумкин эди. Бу учинчи мамлакатларга экспорт тақиқини узайтириш ёки уларнинг банклари учун [халқаро банклараро SWIFT тизимига] киришни чеклаш бўлиши мумкин эди. Бу Европанинг қолган газ манбаларини (Озарбайжон ва Арманистон) ғазаблантириши ва Европа компанияларига зарар етказиши мумкин. Гап шундаки, ЕИ Украинага санкциялар режимини кучайтиришдан келадиган фойда шунга арзийди, деб ҳисоблайдими? Унинг ҳозирги ёндашувига қараганда, йўқ», — деб ёзмоқда The Economist.

Нашрнинг таъкидлашича, Россия иқтисодиёти, Ғарбнинг қаттиқ санкцияларига қарамай, ўсиб бормоқда, савдо эса учинчи мамлакатлардаги воситачилар ёрдамида «гуллаб-яшнашда давом этмоқда». ЕИнинг Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Марказий Осиёнинг бешта давлатига экспорти 2023 йилда 46 миллиард еврога ошиб, 2021 йилга нисбатан 50 фоизга ўсган. Бу 2021 йилдан 2023 йилгача Европанинг Россияга экспорти қисқаришининг тўртдан уч қисмига тенг. Шу билан бирга, учинчи давлатлар орқали товар айирбошлашнинг энг катта ўсиши ҳозирги вақтда экспорти кескин чекланган товарларга тўғри келади.

Шу тариқа, The Economist'нинг аниқлик киритишича, ЕИдан Қозоғистонга автомобиллар экспорти 2021 йилдан 2022 йилгача икки баробар ошган, кейин эса 2023 йилда яна 23 фоизга ўсиб, 6,4 миллиард еврога етган. Арманистон 2023 йилда Европадан 2021 йилга нисбатан 2 баробар кўп кимёвий моддалар, 5 баробар кўпроқ IT ускуналари ва 4 баробар кўпроқ электроника импорт қилган. Бундан ташқари, чегарадан контрабанда орқали олиб ўтиладиган ва расмий савдо статистикасига киритилмайдиган товарлар ҳам бор, дейилади материалда.

Нашрнинг фикрича, ЕИ «сизиб чиқишларни» бартараф этишга ҳаракат қилмоқда, бироқ бу «Европанинг баъзи энг тиканли қўшнилари ҳукуматлари билан қаттиққўл бўлиши» кераклигини англатади.