АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти (USDA) Америкада етиштирилган соя шротини илк бор Ўзбекистонга тижорий йўл билан олиб келишга қаратилган тажрибавий дастурни ишга туширди. Умумий қиймати 114 657 доллар бўлган 150 тонна соя шротининг дастлабки партияси мамлакатга етиб келди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Соя озуқасининг асосий харидорларидан бири ҳисобланган «Yangiyoʻl omuxta yem» корхонасида ташкил этилган тадбирда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник, АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти вакили Лукас Блауштайн, Янгийўл шаҳри ҳокими Дилшод Султонов ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидланишича, соя шротини олиб келиш жараёни АҚШ қишлоқ хўжалиги департаменти ҳамда Миннесота сояни тадқиқ ва тарғиб этиш кенгаши (MSR&PC) ҳамкорлигида амалга оширилган. Ўзбекистондаги «Datacrop» корхонаси маҳаллий савдо компаниялари ва паррандачилик хўжаликлари томонидан буюртма қилинган соя озуқасини харид қилиш, ташиш ва мамлакатга олиб киришга раҳбарлик қилган. «O‘zAgroLogisticsCenters» корхонаси эса бу ташаббус учун рухсатномалар ва божхона тартиб-таомилларини осонлаштиришга бош-қош бўлган. Соя озуқаси АҚШнинг «Hansen Mueller» ва «DeLong Co» компанияларидан харид қилинган.

АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник маросимда нутқ сўзлаб, океан ортидан Ўзбекистонга тижорат йўли билан илк бор соя шроти келтирилганини олқишлади.

«Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги тижорий алоқалар тобора мустаҳкамланиб, икки мамлакат орасидаги савдо хажми йилдан йилга ўсиб бормоқда. Бугун биз муносабатларимиздаги янги муҳим босқични нишонлаяпмиз. Соя шроти мамлакат қишлоқ хўжалиги, айниқса, фермер хўжаликлари: гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирувчилар учун жуда муҳим озуқа ҳисобланади. Америкадаги соя етиштирувчилар дунёдаги энг сифатли соя шротини ишлаб чиқаради ва бундан фахрланишади. Улар нафақат ўз муҳсулотларини сотишдан, балки Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳаси билан ҳамкорлик ўрнатиш ва биргаликда бизнесни ривожлантиришдан ҳам манфаатдор», — деди элчи.

«Yangiyoʻl omuxta yem» ва «Datacrop» компаниялари раҳбари Жамол Арипов журналистларга берган интервьюсида Ўзбекистон биринчи марта Америкадан соя шротини импорт қилганини тарихий жараён деб атади.

ақш - ўзбекистон, ақш элчихонаси, соя

«Юртимизга анча йилдан бери Аргентинадан соя шроти кириб келади. У ерда йил давомида икки марта ҳосил олинади, март ойидаги соя нархи ёз ва кузга бориб қимматлашади. Америкада эса сояни ўриб олиш жараёни кузга яқин бошланади. Иккисидан ҳам соя шротини импорт қилиш биз учун жуда муҳим. Аргентинанинг соя шроти бизга Россия ҳудуди орқали Латвия, Литва портларидан кириб келади. Америкадан импорт қилган маҳсулотимизни эса биринчи марта Грузия портидан фойдаланиб, олиб келдик. АҚШ соя шроти билан ҳали Ўзбекистондаги парранда ва чорвачилик фермер хўжаликлари таниш эмас. Олиб келинган 115 тонна маҳсулотни мамлакатдаги фермер хўжаликларига тарқатиб, уларни яқиндан таништирамиз. Бундан ташқари, Миннесотадан паррандачилик бўйича, Украинадан эса сифатли сут етиштирувчи мутахассисларни олиб келганмиз. Улар паррандачилик ва чорвачилик фермер хўжаликларига бориб, Америкадан импорт қилинган соя шротини ишлатиш, қандай омухта ем қилиш сирларини ўргатади, билимлари билан ўртоқлашади. Ҳайвонлар ва паррандалар озуқаси таркибига қўшиладиган соя шротининг АҚШдан кириб келиши натижасида Ўзбекистонда сут ва гўшт маҳсулотлари, паррандалар нархи тушади», — деди тадбиркор Жамол Арипов.

АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти вакили Лукас Блауштайннинг сўзларига кўра, шу пайтгача Америкадан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами дастури доирасида кўп марта соя шроти юборилган, аммо бирор марта ҳам тижорий мақсадда импорт қилинмаган.

«Биз шу даврга қадар Марказий Осиё минтақасининг бошқа мамлакатларига соя махсулотларини импорт қилган бўлсак-да, лекин Ўзбекистон билан илк бор тижорий ҳамкорлик қиляпмиз. Ўзбекистон аҳолиси ўсиб бормоқда, шу сабабли соя маҳсулотларига ҳам талаб ортмоқда. Келгусида бу ҳамкорлик хажми ортишига ишонамиз», — деди у.

ақш - ўзбекистон, ақш элчихонаси, соя

«Дунёда соя ишлаб чиқарувчи учта йирик мамлакат бор: АҚШ, Аргентина ва Бразилия. Лекин Жанубий Америкада етиштириладиган соя маҳсулотларини Марказий Осиё минтақасига фақат Россия орқали олиб келиш имконияти мавжуд. Шу сабабли мазкур тармоқ битта давлатга қарам бўлиб турибди. Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш йўли бўлмагани туфайли Америкадан маҳсулот олиб келиш анча қийин босқичларда кечарди. Бу сафар Каспий денгизидан ўтадиган ва жадал ривожланаётган „ўрта коридор“ маршрути орқали тажриба синов тариқасида илк бор соя шроти партиясини Ўзбекистонга олиб келдик ва бу муваффақиятли кечди. Бу ҳар икки мамлакат учун ҳам манфаатли савдо ҳисобланади», — Лукас Блауштайн.

Маълум қилинишича, «MSR&PC» Ўзбекистон компаниялари билан қиймати тахминан 15 миллион долларлик 22 000 тонна соя шроти импорти учун шартномалар имзолаган.