Шавкат Мирзиёев 20 август куни Нукусда тадбиркорлар билан мулоқот чоғида мамлакатнинг 2026 йилда Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши зарурлиги ҳақида гапирди.

«Ушбу ташкилотга кириш — чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларимизнинг ажралмас бир қисми. Лекин айримлар бунга шубҳа билан қараяпти, бошқалар „корхоналар синади, импорт босиб кетади“ деган хавотир билан юрибди. Бир нарсани тушуниш зарур, импорт божлари ишлайди. Шунинг учун ташкилот аъзолари билан музокаралар ўтказаяпмиз», — деди давлат раҳбари.

«Эртанги кунимиз — тенг рақобат муҳити ва экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати. Иқтисодиётимизга олдинлари протекция қайсидир маънода керак эди. Яна шу йўлда давом этсак, имкониятларимиз чекланиб қолади. Чунки халқаро ишлаб чиқариш занжирларига кирмасак, иқтисодий ўсиш биз кутгандек бўлмайди», — деди у.

Президентнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг етти ойида Ўзбекистон экспорти 13 фоизга ошиб, 10 миллиард АҚШ долларидан юқорилади. У мамлакат корхоналарининг ташқи бозорга чиқишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш давом этишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев қўшни давлатларнинг йиллик импорти 90 миллиард доллар бўлгани билан Ўзбекистоннинг ундаги улуши атиги 4 фоиз экани ёки МДҲ доирасида эркин савдо режими ўрнатилгани билан, ҳамдўстликдаги 500 миллиард долларлик импортда Ўзбекистоннинг ҳиссаси 2 фоизга ҳам бормаслигини мисол қилиб келтирди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон «ҳали рақобат борасида анча ишлаши зарур».

Шу муносабат билан икки ой олдин алоҳида фармон билан металлургия, кимё, энергетика ва телекоммуникациялар соҳаларида мутлақ ҳуқуқлар бекор қилинди. Бундан ташқари, 2026 йилнинг июль ойидан бошлаб давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга бериладиган имтиёзлар, шунингдек, маҳаллий электр жиҳозлари учун нарх имтиёзлари қисман бекор қилинади.

Президент: «Бундан буён, ҳеч кимда алоҳида ҳуқуқ бўлмаслиги, хоҳ давлат стратегик корхонаси бўлсин, хоҳ хусусий корхона ёки хорижий инвестор бўлсин, иқтисодиётда барча тенг шароитда ишлаши керак», — деб таъкидлади.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик халқаро транзит юк ташишда ортиқча тўлов ёки чекловлардан халос қилади. Албатта, бу рақобатдош бўлишимизга яна бир туртки беради", — деди давлат раҳбари.

Умуман олганда, маҳсулот ва хизматлар сифатини ошириш, ташқи бозорда муносиб ўрин топиш учун халқаро стандартларга ўтиш зарурлиги таъкидланди.

Масалан, пестицидлар назорати йўлга қўйилмас экан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини 2030 йилгача 10 миллиард долларга етказиш бўйича белгилаган марраларга эришиб бўлмайди. Етиштираётган маҳсулотлар бозорини тополмасдан нобуд бўлаверади.

Шу боис бу йил озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича катта ўзгаришлар режалаштирилган. Бу орқали карантин, ветеринария, санэпидемназорат ва стандарт ташкилотларининг такрорловчи ваколатлари қисқаради, тадбиркорларни қайта-қайта текширишга чек қўйилади.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев май ойида Ўзбекистон 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-вазирлар конференциясигача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ниятида эканини маълум қилганди.

Ўтган йилнинг август ойида президент 2025 йилдан бошлаб олиб кирилаётган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун йиғимларни бекор қилиш, олиб кирилаётган товарларни давлат тилида маркировкалаш тартибига ўзгартиришлар киритиш ва бошқаларни назарда тутувчи фармонни имзолаган.