19 август куни Ўзбекистондаги йўл ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизими оператори АТТО ва Бишкек (Қирғизистон) жамоат транспортида тизим оператори ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, дея хабар берди Ўзбекистон компанияси матбуот хизмати ва Бишкек мэрияси.

Қайд этилишича, ҳамкорликдан мақсад икки давлат шаҳарларидаги жамоат транспортида тўловларни ўзаро қабул қилиш бўйича интеграцияни амалга оширишдан иборат.

«Тез орада Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб саёҳат ҳақини Tulpar карталари билан, Ўзбекистон фуқаролари эса Бишкекда АТТО карталари орқали тўлашлари мумкин бўлади. Фаол ривожланаётган туризм шароитида бундай ҳамкорлик икки мамлакат аҳолисининг саёҳатларини янада қулай қилади», — дейилади хабарда.

АТТО хабар беришича, ҳозирда икки тизимни интеграция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Avtomatlashtirilgan Transport To’lov Tizimi Operatori корхонаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 ноябрдаги қарори ижроси юзасидан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Ўзавтотранстехника» ДУК Илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳамда «Ягона умумреспублика процессинг маркази» (Uzcard) иштирокида ташкил этилган. Июнь ойи бошида марказнинг улуши 12,9 фоиз эди, қолган 87,1 фоизи Тимур Махмуджанович Азадовга тегишли бўлган.

Tulpar — бу Бишкек мэрияси ва Швейцариянинг BPC Company ўртасида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган компания. Бишкек расмийлари билан тузилган келишув шартларига кўра, компания ўз маблағи ҳисобидан лойиҳани тўлиқ ишга туширган ва валидаторларни ўрнатишдан тортиб, карточкаларни чоп этиш ва рекламагача бўлган барча харажатларни қоплаган. Tulpar`ни ишга тушириш учун BPC Company 700 минг доллардан ортиқ сармоя киритган, бунинг эвазига ҳар бир йўлкирадан 50 тийин (тахминан 1,5 сўм) олади.

Бишкекда Tulpar тизими 2020 йилнинг март ойидан бошлаб ишга туширилган. Транспорт карталаридан Бишкек жамоат транспортида (автобус ва троллейбусларда) фойдаланиш мумкин.