Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 22−23 август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати маълум қилди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари раислигида олий даражадаги музокаралар ва давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилиши режалаштирилган.

Саммит кун тартибидан стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлариничуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, кооперация лойиҳаларининг янги портфелини шакллантириш, ишбилармонлик алоқаларини, шу жумладан, ҳудудлараро алмашинувни ривожлантириш, транспорт-коммуникация салоҳиятини рўёбга чиқариш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш ва бошқа масалалар диққат марказида бўлади.

Президентлар икки мамлакат бизнеси вакиллари билан учрашув ўтказиши, қатор ишбилармонлик ва маданий тадбирларда иштирок этиши ҳам кўзда тутилган.