Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳалок бўлган вертолёт қулашига об-ҳаво шароити ва ортиқча юк сабаб бўлган, деб хабар бермоқда Reuters Эрон давлат агентлиги Fars’га таяниб.

«Оятуллоҳ Раисий вертолёти ҳалокати бўйича тергов якунланди… ва воқеа бахтсиз ҳодиса эканига тўлиқ ишонч бор», — деди Fars’га махсус хизматдаги манбаси.

Текширувнинг кўрсатишича, бортида Раисий бўлган вертолётда хавфсизлик протоколларида кўрсатилганидан иккитага кўпроқ киши бўлган, шу сабабли у керакли баландликка кўтарила олмай, туманли шароитда тоққа қулаган.

  • Бортида Раисий бўлган вертолёт 19 май куни Эрон шимоли-ғарбидаги тоғли ҳудудга қулаган. Президент Озарбайжон билан чегарадаги Аракс дарёсидаги тўғоннинг очилиш маросимидан қайтаётган эди. Раисий бирга бўлганларнинг ҳаммаси, жумладан, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян ҳам вафот этган.
  • Собиқ юрак жарроҳи Масъуд Пезешкиён июль ойида Эроннинг янги президенти этиб сайланди. У Эроннинг бутун дунёдан «яккаланиши»га барҳам беришга ваъда берди ва 2015 йилги ядровий келишувни қайта тиклаш бўйича Ғарб билан «конструктив музокаралар» олиб боришга чақирди.