Ўзбекистонда 2023 йилда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган шахслар 707 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. Бунинг оқибатида 212 нафар шахс вафот этган. Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбидин Бурханов ва 2024 йилнинг июль ойида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи лавозимига тайинланган Шерзод Ибрагимов мулоқотида маълум қилинди.

Сенаторнинг қайд этишича, 2024 йилнинг биринчи ярмида мамлакат бўйича қонуний равишда ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахслар томонидан 10 млн 200 мингдан ортиқ қоидабузарлик содир этилган.

2023 йилда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар, рухсатномаси бўлмай туриб яна қайтадан рулга ўтирган. Оқибатда улар томонидан 707 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Ушбу ЙТҲларда 212 нафар шахс вафот этган. 546 нафар шахс эса турли даражадаги тан жароҳатларини олган.

Бунда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум бўлганлар умумий ҳайдовчиларнинг 0,3 фоизини ташкил этади. Аммо улар томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари жами юз берган аварияларнинг 11 фоизини ташкил этган.