«Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамияти ва «Шаҳар атрофида йўловчи ташиш» МЧЖга нисбатан қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан молиявий жарима қўлланди, дея хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги.

Қўмита томонидан компаниялар фаолияти «Рақобат тўғрисида»ги ҳамда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ҳужжатларига асосан ўрганиб чиқилган.

Ўрганишларда «Ўзтемирйўлйўловчи» Фарғона бўлинмаси темир йўл вокзалида 2023 йил давомида сотилган 606 380 та чиптадан воситачилик йиғим қиймати бўйича 660 млн сўмга яқин, «Шаҳар атрофида йўловчи ташиш» Фарғона филиали 2024 йилнинг 1 январидан 24 июль кунигача сотилган 185 806 та чиптадан 560 млн сўмга яқин ортиқча ҳақ ундирилгани аниқланган.

Умумий ҳисобда жами 792 186 нафар истеъмолчидан 1,3 млрд сўмга яқин ортиқча ҳақ ундирилган.

Юқоридагиларга асосан қўмита махсус комиссияси томонидан ортиқча ундирилган тўловларни истеъмолчиларга қайтариши юзасидан кўрсатма берилган ва молиявий жарима қўлланган. Шунингдек, қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.

Маълумот ўрнида, махсус комиссиянинг ушбу қароридан норози бўлган томон қўмитанинг апелляция кенгашига ёки судга мурожаат қилиши мумкин.