АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов билан йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги вазиятни яхшилаш, йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларга оид даҳшатли статистикани камайтириш бўйича ўз фикри билан ўртоқлашди.

— Болалар иштирокида тез-тез содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари, жумладан, ўлим ҳолатлари ҳақида эшитамиз. Вазиятни тузатиш учун нима қилиш керак?

— Саволингиз учун раҳмат, чунки Ўзбекистонда бу мавзу мени жуда хавотирга солмоқда.

Биринчи ва энг муҳими — одамлар хавфсизлик камарларини тақиб олишлари керак.

Хавфсизлик камарлари билан жиҳозланган машиналар ишлаб чиқаришимизнинг сабаби бор. Хавфсизлик камарларидан фойдаланиш ҳаётни сақлаб қолишини кўрсатадиган ўн йиллик тажриба ва далиллар мавжуд.

Ўзини яхши ҳайдовчи санаб, машинада хавфсизлик камари керак эмас деб ўйлайдиган ҳар қандай киши шунчаки бехабарлардандир. Сиз дунёдаги энг яхши ҳайдовчи бўлишингиз мумкин, лекин бу сизни бошқа ҳайдовчидан ҳимоя қила олмайди.

Болалар болалар ўриндиқларида бўлиши керак. Чақалоқлар эса ўз ўриндиқларида. Бу одамлар ҳаётини сақлаб қолади.

Ишончим комилки, америкаликлар ўз фарзандларини қанчалик севса, ўзбеклар ҳам ўз фарзандларини шунчалик севади.

Агар сиз фарзандларингизни севсангиз, уларни хавфсиз ўриндиққа жойлаштиринг.

Албатта, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш учун бошқа ишлар ҳам бажарилиши мумкин — йўллар, пиёдалар ўтиш жойларини яхшилаш, лекин, энг муҳими, фақат хавфсизлик камарини тақиш. Бундан ташқари, эҳтимол, мен ҳайдовчиларни пиёдаларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиришим мумкин.

— Қайси бири муҳимроқ: қоидабузарликлар учун жавобгарликни оширишми ёки инфратузилмани яхшилашми?

— Менимча, биз қўлимиздан келган барчасини қилишимиз керак. Қатъийроқ қонунлар, эҳтимол, каттароқ жарималар, бу қонунларнинг ижросини кучайтириш. Лекин одамларнинг муносабатини ўзгартириш ҳам муҳим.

Қирқ йил олдин Қўшма Штатларда хавфсизлик камарларидан фойдаланиш тахминан ҳозиргидек эди. Америкаликлар эса автомобилларда хавфсизлик камарини тақишнинг ҳожати йўқ деб ҳисоблашган.

Бизда хавфсизлик камарлари тўғрисидаги қонунлар, жарималар бор эди ва улар амалга оширилди. Менимча, хавфсизлик камаридан фойдаланиш 80 дан 90 фоизгача ошди. Далиллар шуни кўрсатадики, бу ўн минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди, шунингдек, яна кўплаб одамларнинг жароҳатланишининг олдини олди.

— Кўпчилик Тошкентда машина ҳайдаш ёки машинада бўлиш хавфли деб ўйлайди. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?

— Ростини айтсам, машина ҳайдаш биз ҳар куни дунёнинг исталган нуқтасида қиладиган энг хавфли ишдир.

Биз зилзиладан, довулдан, чақмоқ уришидан хавотир оламиз, лекин булар жуда камдан кам учрайдиган ҳодисалардир, аммо йўл-транспорт ҳодисалари жуда кўп учрайди.

Аммо умрингизни узайтиришнинг икки йўли бор: чекишни ташланг ва хавфсизлик камарини тақинг.

Тошкентдаги чорраҳа. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».Тошкентдаги чорраҳа. Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Ўзбекистонда йўловчилар учун хавфсизлик камарларини тақиш ҳамон мажбурий эмас

Ишониш қийин, лекин 2024 йилда Ўзбекистонда хавфсизлик камарини тақмаган йўловчилар учун ҳали ҳам жавобгарлик йўқ.

2022 йил баҳорида ҳукумат Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартиришлар киритди, бу эса олд ўриндиқдаги йўловчилардан автомобиль ҳаракатланишидан олдин камарларни тақишни талаб этди. Лекин икки йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса ҳам, хавфсизлик камарини тақмаслик учун жарима солишга оид тузатишлар қонунчиликка киритилмади. Бу тавсия бўлиб қолмоқда. Бу эса хавфсизлик камарини тақмаган йўловчиларга нисбатан жарима қўллаб бўлмаслигини англатади.

Ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камарларини тақиши Тошкент шаҳрида кенг тарқалган бўлиши мумкин, бироқ аксарият ҳудудларда, ҳатто шаҳарлараро магистралларда ҳам ҳайдовчилар хавфсизлик камарларини тақмасликни маъқул кўради. Ҳайдовчилар кўпинча йўловчиларга хавфсизлик камарини тақишнинг кераги йўқлигини айтиб, уларни бундан қайтариши мумкин.

Орқа ўриндиқлар, чақалоқлар ва болалар ўриндиқларига хавфсизлик камарларини маҳкамлаш эса тавсиявий хусусиятга эга.

Хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчилар учун жарима атиги 170 минг сўм ёки 14 доллардан кам. Агар қоидабузарлик қайд этилган кундан бошлаб 15 кун ичида тўлов амалга оширилса, ҳайдовчи ушбу сумманинг фақат ярмини, 30 кун ичида эса 70 фоизини тўлаши мумкин.

2022 йил ноябрь ойида Қонунчилик палатаси ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тизимини йўлга қўйишни назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Мисол учун, тезликни оширганлик учун 0,5 дан 2 гача жарима балларини ҳисоблаш назарда тутилган. 12 баллга етганда вақтинча бу ҳуқуқдан маҳрум қилиш режалаштирилганди. Бироқ яқинда Сенат қонунни рад этиб, уни қайта ишлаш учун қайтарди. Асосий сабаб — қонунга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини «обрўсизлантириш мақсадида» фото ва видеоларни эълон қилишни тақиқловчи норма киритилиши.

2022 йил апрель ойида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Тим Торлоу шундай деганди: «Дунёнинг бошқа ҳеч бир мамлакатида мен икки томонлама қатнов ўртасидаги бурилиб олишларга дуч келмаганман, бу жуда қўрқинчли». Унинг сўзларига кўра, кўчаларни тўғри лойиҳалаш, тезлик режимига риоя қилишни назорат қилиш ва ҳайдовчиликка ўргатишни қайта кўриб чиқиш вазиятни яхшилаши мумкин.

2021 йил август ойида Франциянинг Ўзбекистондаги дипломатик миссияси раҳбари Брис Рокфёй Тошкентдаги фаровон ҳаёт ҳақида гапираркан, шундай деган: «Тўғрисини айтсам, автомобиллар ҳаракати жуда қўрқинчли. Мен рулда ўтирарканман, қўрқаман, чунки қоидалар умуман йўқ».