АҚШнинг Air Products ва Ўзбекистоннинг Saneg компаниялари Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 140 миллион долларлик активларини сотиб олиш бўйича келишувни эълон қилди. Бу ҳақда Saneg матбуот хизмати хабар берди.

Дунё бўйлаб водород етказиб берувчилардан бири бўлган Air Products компанияси Saneg’нинг Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги водород ишлаб чиқариш активларини сотиб олади. Америка компанияси водород ишлаб чиқариш блоки ва қисқа циклли адсорбция қурилмалари эгасига айланади, дея аниқлик киритди Saneg (собиқ Jizzakh Petroleum) матбуот хизмати «Газета.uz»га.

2021 йилда ФНҚИЗ Air Products компанияси билан водород ишлаб чиқариш учун иккита ўзгарувчан босимли адсорбция қурилмасини (PSA) етказиб бериш бўйича шартнома тузганди. Уларни сотиб олиш ва ўрнатиш модернизация дастурининг асосий компонентига айланди, дейилади хабарда.

АҚШ компанияси етказиб берилган ускунани қайтариб оладими, деган саволга Saneg ходимлари шундай деди: «[Бу ерда], аниқроғи, гап қайта ишлаш ҳақида кетяпти. Маҳсулотлар халқаро миқёсда тан олинган водород етказиб берувчи томонидан тўлиқ жараён назорати ва сифат назорати остида ишлаб чиқарилади».

Saneg маълумотларига кўра, ушбу битим корхонанинг глобал модернизация жараёнига мос келади ва унинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва оптималлаштиришда муҳим қадам ҳисобланади.

Saneg асосчиси Бахтиёр Фазиловнинг таъкидлашича, Air Products билан келишув «водород ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиси билан биргаликда Фарғона НҚИЗни модернизация қилиш бўйича узоқ муддатли режаларимизни амалга оширишнинг яна бир босқичи якунланганини англатади».

«Келишув доирасида биргаликдаги ишларимиз Ўзбекистон ҳукуматининг асосий устувор йўналишларидан бири — ички водород етказиб беришни кўпайтириш орқали давлатнинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга эришишда муҳим омил ролини ўтайди», — деди у.

«Водород ишлаб чиқариш бўйича илғор технологияларимиз ва тажрибамиз НҚИЗ имкониятларини кенгайтиради, Марказий Осиёда нефть-газ соҳасининг ривожини қўллаб-қувватлайди, бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонга янада юқори барқарорлик даражасига ҳамда энергия мустақиллигига эришишга ёрдам беради. Шу билан бирга, республиканинг экология борасидаги келажагига ҳисса қўшади», — деди Air Products вакили, президенти ва бош ижрочи директори Сейфи Гасеми.

Эслатиб ўтамиз, келишув эълон қилинишидан бир кун аввал Шавкат Мирзиёев Сейфи Гасемини қабул қилган эди.

Saneg тасарруфидаги Фарғона НҚИЗ ҳозирда ишлаб чиқариш имкониятларини оширишга қаратилган комплекс модернизация жараёнларидан ўтмоқда. Такомиллаштиришлар гидрокрекинг жараёнини жорий этиш, хусусан, Евро-5 тоифасидаги дизель ёқилғиси ва авиация керосини ишлаб чиқариш мақсадида ёқилғини қайта ишлаш чуқурлигини 92 фоиздан оширишни ўз ичига олади.

Водород ишлаб чиқаришни саноатлаштириш орқали энергия манбаларини диверсификация қилишда Ўзбекистон ҳукуматига кўмак кўрсатиш ҳам НҚИЗларини модернизация қилишнинг мақсадларидан бири ҳисобланади, дейилади хабарда.

Сотиб олиш 100 фоизли табиий газни ҳам, суюлтирилган газни ҳам қайта ишлашга қодир бўлган метанни буғ билан риформинг қилиш қурилмасини (SMR) ўз ичига олади.

«Ушбу активлар Air Products томонидан муқаддам етказиб берилган иккита ўзгарувчан босимли адсорбция қурилмалари билан биргаликда НҚИЗ ва умуман тижорат бозори эҳтиёжлари учун водород ишлаб чиқаришнинг ишончли базасини таъминлаб беради», — таъкидлади Saneg.

Битим 2024 йилнинг тўртинчи чорагида якунланиши кутилмоқда.

фнқиз, фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, водород, air products, saneg

Заводнинг хусусийлаштирилиши

Агар ҳозирда ишлаб чиқариш бўлинмаларининг бир қисми 140 миллион долларга сотилаётган бўлса, 2022 йил май ойида ФНҚИЗнинг 100 фоиз улуши 100 миллион долларга баҳоланган ва ўша пайтда 103 та нефть ва газ конларида ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган энг йирик хусусий нефть-газ компанияси Sanoat Energetika Guruhi’га сотилганди. Илгари ФНҚИЗ ва конлар «Ўзбекнефтгаз»га тегишли бўлган.

Ушбу келишувга қарамай, 2024 йил 29 май ҳолатига кўра, ДАБА давлат номидан 58,5 фоиз улушни сақлаб қолмоқда, Saneg эса 41,5 фоизига эгалик қиляпти. Давактивнинг май ойида таъкидлашича, инвестор ҳалигача завод учун маблағни тўлиқ тўламаган. «Харид қийматини тўлаган қисмига мутаносиб равишда улуш ўтказиб берилади. Харид қиймати тўлиқ тўлангандан ва шартнома шартларини бажаргандан сўнг, улуш ҳам тўлиқ ўтказилади», — дейилади хабарда. Агентлик компания тўлиқ суммани қанча муддатда тўлаши кераклигига аниқлик киритмаган.

«Air Products компанияси билан келишув йирик хорижий ўйинчиларнинг ички бозорга киришидан манфаатдор бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати иштирокида тайёрланган. Шартномада корхона акцияларини Air Products компаниясига ўтказиш кўзда тутилмаган. Шу билан бирга, транзакция тафсилотлари ҳақида унинг барча параметрлари якунлангандан сўнг, аниқроғи жорий йилнинг тўртинчи чораги охирида изоҳ бериш тўғрироқ бўлади», — деди Saneg масъуллари «Газета.uz» сўровига жавобан.

2024 йилнинг иккинчи чораги учун инвестиция дастури маълумотларига кўра, модернизация қиймати 389,3 миллион долларга кўтарилган, 1 январь ҳолатига кўра, қолдиқ 171,8 миллион долларни ташкил этган; хорижий ҳамкорлар Швейцариянинг Gas Project Development Central Asia ва Кипрнинг Belvor Noldings Limited компанияси ҳисобланади. Аввалроқ ушбу компанияларнинг тадбиркор Бахтиёр Фазиловга алоқаси борлиги ҳақида хабар берилган эди.

Қайд этиш жоиз, бу вақт ичида Saneg 41,5 фоиз улуш учун 41,5 миллион доллар тўлаши керак бўларди. Жорий курс бўйича бу тахминан 525 миллиард сўмни, ўртача ҳисобда эса 450 миллиард сўмдан бироз камроқни ташкил қилади.

2022 йилдан буён заводнинг соф фойдаси 557,3 миллиард сўмни ташкил этади: 2022 йилда — 19,3 миллиард сўм, 2023 йилда — 469,6 миллиард сўм, 2024 йилнинг биринчи чорагида — 68,4 миллиард сўм.

Молиячи Отабек Бакировнинг фикрича, компания заводни сотиб олиш харажатларини ушбу завод фойдаси ҳисобига тўлаши мумкин. «Газета.uz» Saneg ва Давактивга завод фойдаси қандай тақсимлангани, инвестор қанча тўлагани, тўловлар қанча муддатда тўланиши кераклиги ва инвестиция мажбуриятлари бажарилиши бўйича сўровлар юборди.

Saneg бунга қуйидагича жавоб берди: «Тўловлар ва инвестиция мажбуриятларини бажариш муддатлари Saneg ва Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги ўртасида тузилган шартнома шартлари билан белгиланади. Айни пайтда Saneg Фарғона НҚИЗни сотиб олиш учун сумманинг бир қисмини тўлаш бўйича шартнома мажбуриятларини бажармоқда. Шартномага кўра, корхонанинг узоқ муддатли инвестиция ва ривожланиш режаси доирасида барча тўловлар ва мажбуриятлар шартномада назарда тутилган белгиланган муддатларда бажарилади. Қолган сумма келишувда кўрсатилган графикка мувофиқ тўланади».