Тошкент шаҳри Сергели туманида фуқаро 1 туп можжевельник (арча) дарахтини кесгани аниқланди, деб хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.

Ҳолат юзасидан қилинган мурожаат жойига чиқиб ўрганилганида Мададкор МФЙда фуқаро Й.У. томонидан 1 та дарахт кесилиб, ўсишдан тўхташ даражасида шикаст етказилгани аниқланган. Оқибатда табиатга 8 миллион 840 минг сўм зарар етказилган.

Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Й.У.га базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари — 8 миллион 500 минг сўм жарима белгиланди. Ҳуқуқбузар жами 17 миллион 340 минг сўм товон тўлайдиган бўлди.

Шунингдек, унга Вазирлар Маҳкамасининг 464-сонли қарорига асосан кесилган дарахт учун компенсация тарзида 100 туп кўчат экиш мажбурияти юклатилди.