Рақобат қўмитаси «Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси йўловчилардан ортиқча пул ундиргани, шу сабабли унга нисбатан молиявий жарима қўлланганини билдирганди. Акциядорлик жамияти қўмитанинг бу қарорига қўшилмади.

Қўмита хабарида «Ўзтемирйўлйўловчи»нинг Фарғона филиали 2023 йил давомида 606 380 та чипта савдосидан воситачилик йиғим қиймати бўйича 660 миллион сўмга яқин ортиқча ҳақ ундиргани айтилади. Бироқ АЖ маълумотларига кўра, шу давр мобайнида Фарғонада шаҳарлараро ва шаҳар атрофида ҳаракатланган 220 740 нафар йўловчига пуллик хизматлар кўрсатилган.

«Мазкур филиалда шаҳарлараро йўловчи поездлари чипта нархи 8 йил мобайнида ўзгаришсиз қолган бўлиб, ҳозирги кунда Қўқон-Марғилон-Андижон йўналиши 12 000 сўм қилиб белгиланган», — изоҳлади компания. Лекин ҳар бир йўловчи учун ташиш ҳаражати 30 000 сўмни ташкил қилади, яъни «ҳаражатлар юқоридаги нарх билан умуман қопланмайди».

Хабарда айтилишича, Фарғона филиали чиптасининг тариф қиймати молия бошқармасида тасдиқлатилган, воситачилик йиғими (3 000 сўм) эса ташувчи томонидан мустақил белгиланган.

«Ўзтемирйўлйўловчи» йўловчилардан асоссиз пул ундирилгани тўғрисидаги хабар қўмитанинг апелляция кенгашида ёки судда кўриб чиқилишини маълум қилди.