Андижон вилояти Балиқчи тумани ҳокими ўринбосари 30 минг долларни олган вақтида ушланди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Аниқланишича, туман уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош мутахассиси ва тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослашган МЧЖ ходими туман ҳокимлиги захирасида бўлган 3,75 гектар ернинг 1,75 гектарини E-auksion орқали арзон нархда олиб бериш, қолган 2 гектарини эса 2019 йилдаги сана билан туман ҳокимининг қарорини тайёрлаб, харидор номига расмийлаштириб беришга келишган. Бунинг эвазига улар 30 минг доллар олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, терговга қадар текширув давомида улар ушбу масалани туман ҳокимининг ўринбосари орқали ҳал этишлари аниқланиб, мазкур мансабдор шахс ҳам 30 минг долларни олган вақтида ушланган.

Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, туман ҳокими ўринбосари ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош мутахассисига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.