Беларусь президенти Александр Лукашенко МДҲ давлатларини Россияга нисбатан худбинликда айблагач, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Беларусь элчисини таклиф қилди. Бу ҳақда ТИВ сайтида маълумот берилди.

Гап шундаки, куни кеча Лукашенко «Россия» телеканалига берган интервьюсида баъзи постсовет давлатлари ўзи ҳеч нарса таклиф қилмасдан, Россиядан фақат фойда олишга интилаётгани ҳақида гапирганди.

«Биз Россия билан аслида бир қайиқдамиз. Агар у ағдарилса, бирга чўкамиз. Иттифоқчилик муносабатларимизни яширишнинг ҳожати йўқ. Биз ўзимизни Россияга ҳеч нарса бермай, фақат олиб кетмоқчи бўлган баъзи бошқа давлатлар каби тутмаймиз», — деган Лукашенко. Унинг қўшимча қилишича, бу ҳолат узоқ давом этмайди.

«Россияга ёрдам сўраб мурожаат қилишингиз керак бўлган вақт яқин. Қозоғистонда бўлгани каби (январь воқеаларини назарда тутмоқда — таҳр.) инқироз ҳолатида ҳамма Путинга ёрдам сўраб мурожаат қилади. Биз (КХШТ) тезда жавоб бериб, у ерга кучларни йўналтирдик ва тартибсизликларни бостирдик», — деди у.

У фавқулодда вазиятларда МДҲ давлатлари яна Россия ва Беларусдан ёрдам сўраб мурожаат қилишига ишонч билдирди. Президент постсовет ҳудудида иқтисодий алоқаларни сақлаб қолиш муҳимлигини ҳам таъкидлади.

«Америкада ёки Европа Иттифоқида Қозоғистон ёки Ўзбекистон товарларини ким кутмоқда? Йўқ, улар Россияга сотишга интилишади. Бизда умумий бозор мавжуд ва уни йўқотиш мақсадга мувофиқ эмас», — дея қўшимча қилган Лукашенко.

Қозоғистон ТИВ реакцияси

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеунинг Беларусь элчиси Павел Утюпин билан учрашуви чоғида Қозоғистон БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқнинг асосий нормаларига мувофиқ мувозанатли ва тинчликсевар ташқи сиёсат юритаётганини алоҳида таъкидлади.

Унинг қайд этишича, мамлакат давлатлар ўртасидаги барча келишмовчиликларни сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарурлигига қатъий ишонади.

«Ҳозирги геосиёсий шароитда юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган мамлакатимиз ташқи сиёсати курси ўз самарасини исботлади. Шу муносабат билан, вазир Беларусь томонини давом этаётган жараёнларга нисбатан Остона позициясини холисона баҳолашга чақирди», — дейилади баёнотда.