Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 20 август куни бўлиб ўтган мажлисда «Давлат мудофаа буюртмаси тўғрисида»ги қонунни учинчи ўқишда қабул қилди, деб хабар бермоқда «Халқ сўзи» газетаси.

Қонун лойиҳаси «мақсад ва вазифаларни белгилаш, уни шакллантириш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ягона ҳуқуқий механизмини яратиш, давлат органларининг ваколатларини аниқлаштириш ва уларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солиш зарурати»дан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.

Ҳужжат хавфсизликни таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш билан боғлиқ давлат мудофаа буюртмаси масалалари бўйича муносабатларни тартибга солишга қаратилган, дейилади хабарда.

Қонун лойиҳасида давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги асосий тушунчалар, мақсад ва вазифалар, соҳани давлат томонидан тартибга солиш, давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш ва амалга ошириш, махфийлик тартиб-таомилларини белгилаш назарда тутилган.

Ҳужжатни ишлаб чиқиш президентнинг 2023 йил 31 январдаги фармонида назарда тутилганди. Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлигига қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, 1 мартга қадар Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.

Фармонга кўра, мудофаа буюртмасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш Ўзбекистон Қуролли кучларини жиҳозлаш бўйича давлат комиссияси томонидан амалга оширилади. Давлат мудофаа буюртмаси доирасида хорижда ишлаб чиқариладиган ҳарбий ва икки мақсадли маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) харид қилиш (импорт қилиш) бўйича ягона агент этиб «O‘ztextreyd» давлат унитар корхонаси белгиланган.

Қонунчилик палатаси қонун лойиҳаси кўриб чиқилгани ҳақида ўз сайтида хабар бермади. Ҳужжат парламент қуйи палатасининг YouTube`даги саҳифасида кўрсатилган кун тартибида ҳам йўқ.