Ўзбекистон дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд бўлишига қарамай, унинг импортини бир неча баробар оширди. Бу «Газета.uz» ўрганган Божхона қўмитаси маълумотларидан англашилади.

Йил бошидан буён дизель импорти ҳажми 169,58 млн долларга тенг бўлган 206,9 минг тоннани (1 кг учун 81 цент) ташкил этди, бу 2023 йилнинг январь-июль ойларига нисбатан 22 фоизга (168,97 минг доллар ва 137,5 млн доллар) ва 2022 йилнинг январь-июль ойларига нисбатан 7,3 бараварга (28,2 минг тонна, 23,7 млн доллар) кўпдир.

Божхона қўмитаси ва Энергетика вазирлиги матбуот хизматлари қўмита маълумотларида асосий истеъмол товарлари акс этганини маълум қилди. Дизель ёқилғиси ТИФ ТН (ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси) кодларининг 5 кичик бандини қамраб олади, аммо бу кодларнинг барчаси тақдим этилган статистик маълумотларда акс эттирилмаган.

«ТИФ ТНдаги барча субпозициялар асосида олинса, 2022 йилнинг 7 ойида мамлакатимизга 190,3 минг тонна дизель ёқилғиси импорт қилинган. Жорий йилда эса бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 7,3 баробарга эмас, 31,5 фоизга ортган. Агар 2023 йилнинг шу даври билан солиштирилса, ушбу маҳсулот импорти 10 фоизга камайган», — дейилади хабарда. Бироқ Божхона қўмитаси ва Энергетика вазирлиги таққослаш учун бошқа кичик бандлар бўйича аниқ маълумотларни тақдим этмади.

Ўзбекистонда дизель Қашқадарё вилоятидаги Uzbekistan GTL заводида, шунингдек, Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқарилади.

2018 йил декабрь ойида «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви собиқ раиси Баҳром Ашрафхонов GTL синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш заводининг қурилиши бензин ва нефть маҳсулотлари нархини, шунингдек, авиакеросин ва дизель импортини пасайтириш имконини беришини маълум қилганди.

Завод ишга туширилгач, 3,6 миллиард куб метр газни қайта ишлаб, 1,5 миллион тонна «Евро-5» стандартидаги синтетик суюқ ёнилғи, жумладан, 311 минг тонна авиакеросин, 743 минг тонна дизель, 431 минг тонна нафта ва 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиши қайд этилган.

Завод 2021 йил охирида ишга туширилган бўлиб, унинг қиймати 3,42 миллион долларни ташкил этгани хабар қилинганди (илгари у 2,74 миллиард долларга баҳоланган). Ўшанда ёнилғи маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳисобига импорт ўрнини босиш йилига 500 миллион доллар, экспорт — 200 миллион доллар, бюджетга солиқ тушумлари 2 триллион сўмни ташкил этиши маълум қилинганди.

2022 йил 29 июнда корхона синтетик нефтдан «Евро-6» тоифасидаги дизелни ишлаб чиқаришни бошлади, унинг синтези бироз олдин бошланганди. Ушбу линиянинг лойиҳавий қуввати йилига 720 минг тоннани ташкил этади. Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Uzbekistan GTL заводининг қуввати йилига 1 миллион тоннагача дизель ишлаб чиқариш имконини беради.

Завод ишга туширилгандан сўнг дизель импорти камайган. Хусусан, 2022 йилнинг июль-декабрь ойларида хориждан 138,8 млн долларлик 137,7 минг тонна маҳсулот импорт қилинган бўлса, 2023 йилнинг иккинчи ярмида импорт 58 минг тоннагача (41,5 млн доллар ёки кг учун 71,5 цент) тушди. Бироқ кейинчалик хорижий етказиб беришнинг кескин ўсиши кузатилди.

16 август куни ўтказилган биржа савдоларида дизелнинг бир тоннаси ўртача 12,13 миллион сўмдан сотилди. Бу нарх ўтган йилнинг шу санасидаги нархдан (10,7 миллион сўм) 13 фоизга юқоридир.

«Газета.uz» дизель импортининг кескин ошиш сабабларини аниқлаш мақсадида Энергетика вазирлигига сўров юборган, аммо мақола эълон қилинган пайтгача жавоб олиб бўлмади. Таҳририят, шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажми ва мавжуд қувватлар ҳақида маълумот олиш учун «Ўзбекнефтгаз» (Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва Uzbekistan GTL`га эгалик қилади) ҳамда Saneg (Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг қисман эгаси) компанияларига ҳам мурожаат қилди.