Тошкент, Фарғона ва Андижон вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар беради Давлат хавфсизлик хизмати.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари Паркент туманидаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари билан ўзаро тил бириктиради. Улар мазкур фермер хўжаликка тегишли 42,5 гектар ер майдонини харидорга гўёки 51 гектар эканини айтиб, уни 580 минг долларга сотишга келишади.

Ушбу шахслар олдиндан 550 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Нурафшон шаҳрида яшовчи шахс (1968 й.т.) турмуш ўртоғига Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудидан ободонлаштириш ва қуриш учун ажратилган 3,64 гектар ер майдонининг 2 гектарини таниши билан келишган ҳолда, харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У бунинг эвазига 560 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 60 минг доллар олган вақтида ушланган.

Фарғона вилояти Данғара туманида яшовчи муқаддам судланган фуқаро (1985 й.т.) 2017 йилда туман ҳокимлиги томонидан боғдорчилик йўналишида фойдаланиш учун ўзига ажратиб берилган 1,3 гектар ер майдонида иссиқхона қуришга рухсат олингани ҳақида ёлғон гапириб, 410 минг доллар эвазига уни харидор номига расмийлаштириб беришини айтган. У сўралган пул маблағидан 35 минг долларни олган вақтида қўлга олинган.

Қўқон шаҳрида қайд этилган ҳолатда фуқаро (1991 й.т.) тадбиркорнинг ишончига кириб, шаҳар ҳокимлиги захирасида бўлган 5 сотих ер майдони гўёки ўзига тегишли эканини айтиб, унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг доллари талаб қилган. У ҳам сўралган пул маблағидан аванс сифатида 20 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг шериги бўлган шахс (1956 й.т.) ҳокимият тизимида ишловчи танишлари ёрдамида ушбу ер майдони бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлатиб бериш эвазига 5 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Бошқа бир ҳолатда Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро (1981 й.т.) шаҳар ҳудудидаги «Бўстон» ёшлар кичик зонасида жойлашган 10 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 46 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 25 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Видео