22 августдан «Ташаббусли бюджет»нинг 2024 йил 2-мавсумидаги лойиҳаларга овоз беришга старт берилди, дея хабар бермоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, овоз бериш жараёнлари 31 август соат 23:59 га қадар давом этади ва уни қуйидаги йўллар орқали амалга ошириш мумкин:

  • «Очиқ бюджет» порталининг веб-саҳифаси;
  • Порталнинг мобиль иловаси (Android ва iOS);
  • Telegram`даги расмий бот (@ochiqbudjetbot) ёрдамида.

Ушбу мавсум учун туман ва шаҳар бюджетлари ҳисобидан 2 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Лойиҳаларнинг энг юқори қиймати 1 трлн 360 млн сўмни ташкил этади.

Мазкур мавсумга 6 июлдан старт берилганди. Лойиҳалар киритиш 6−26 июль кунлари, уларни саралаш 26 июль-15 август ҳамда тарғибот қилиш 15 август-22 август кунлари бўлиб ўтган.

Маълумот учун, 2024 йилдан «Ташаббусли бюджет»даги лойиҳаларда «Бир фуқаро — бир овоз» тизими амал қилмоқда. Яъни бир фуқарода бир неча телефон рақами бўлса ҳам, у фақат биттасидан овоз бера олади. Молия вазирлигига кўра, «SIM картани ким ишлатаётгани аҳамиятсиз, у кимнинг номидалиги муҳим».

Эслатиб ўтамиз, «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2024 йил 1-мавсуми ғолиблари апрель ойида эълон қилинганди. Республика бўйича жами 2770 та лойиҳа ғолиб деб топилган, уларни молиялаштиришга 3,3 трлн сўм йўналтирилган. Ўшанда овоз бериш жараёнларида 11,7 млн киши иштирок этганди.