Тошкент шаҳрининг Сергели туманида ҳам бошқалардаги каби гастрономик кўча қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда чоршанба куни лойиҳа тақдимотида туман ҳокими Элбек Шукуров маълум қилди.

24 соатлик гастрономик кўча Сўғдиёна ва Жалойир кўчалари чорраҳасида: туман ҳокимлиги ва «Янги Сергели» истироҳат боғидан бошлаб Fayz мебель фабрикасигача бўлади. Кўчанинг узунлиги 1,2 км бўлиб, катта қисми Жалойир кўчасида жойлашади.

Элбек Шукуровнинг сўзларига кўра, лойиҳа «маълум бир якунига етган», аммо ташаббускорлар аҳоли ва тадбиркорларнинг таклифларини тинглашга ва инобатга олишга тайёр.

«Бизнинг принципимиз шунақа: нимаки бевосита истеъмолчи иштирокида амалга оширилган бўлса, у яшайди. Ҳокимлик ҳамма соҳада мутахассис бўла олмайди, лойиҳалаштиришда яхши тажрибага эга бўлиши мумкин, лекин истеъмолчи нимани хоҳлашини ўзи яхшироқ билади», — деди у.

Ҳокимнинг таъкидлашича, улар бу ҳудудни танлашга қарор қилганига «аллақачон мавжуд бўлган кўчани қилишни хоҳламаганлари» сабаб бўлган. «Халқ банки билан маслаҳатлашганимиздан сўнг биз кўчани нолдан қилишга қарор қилдик», — деди у.

Элбек Шукуровнинг таъкидлашича, Сергели туманида «шундоқ ҳам юрадиган» (24 соат фаолият кўрсатадиган — таҳр.) кўчалар (Янги Сергели, Меҳригиё, Шокирариқ) ва муассасалар мавжуд.

Янги гастрономик кўча «фақатгина кечаси эмас, кундузи ҳам» яшаши керак, шунинг учун Сўғдиёна ва Жалойир кўчалари орасидаги баланд дарахтлар, сояли ва салқин бўлган қисми танланди. Бу кўча бошқа кўчалар — Янги Сергели, Меҳригиё ва Шокирариқ билан ҳам «боғловчи» бўлади.

«Кейинги босқичда ушбу кўча мисолида бошқа кўчалар ҳам тартибга келтирилади», — дейди туман ҳокимлиги раҳбари.

Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари инфратузилмани қуради ва тадбиркорларни енгил конструкциялардан кафе ва ресторанлар қуриш, фудтраклар ўрнатиш учун таклиф этади.

Реконструкция туфайли пиёдалар учун қулайлик яратиш мақсадида олтита чорраҳани «тартибга солиш» ва атроф-муҳитни тўсиқсиз қилиш режалаштирилган.

«Гастрономик кўчанинг устуворлиги — бу пиёдалар, яъни [махсус танланган] материаллардан фойдаланиб, биз машиналарни имкон қадар тезликни камайтиришга мажбур қиламиз. Жаҳонаро кўчасидаги каби баланд пиёдалар ўтиш жойлари бўлади», — деди ҳоким.

Кўчаларни ривожлантиришнинг яна бир тамойили — барқарор ривожланиш: чиқиндиларни камайтириш, шовқин даражасини пасайтириш ва қуёшдан ҳимоя қилиш учун яшил майдонлар ва қулай микроиқлим, деди туман ҳокимлиги раҳбари. Қулай микроиқлим яратиш мақсадида фавворалар ва ариқлардан фойдаланиш режалаштирилган.

Элбек Шукуров бирорта дарахтга, жумладан, дарахт кесиш мораторийига кирмаган мевали дарахтларга ҳам зарар етказилмаслигига ишонтирди.

Кейинги тамойил — тизимли ёндашув. «Бу кўчалар ўртасидаги муносабатлар. Ушбу кўчани яратиш учун биз деярли бир километр масофани босиб ўтдик. Бу ерда ва бошқа кўчаларда тирбандлик бўлмаслиги учун у ердаги чорраҳани тўғрилаяпмиз. Биз жамоат транспортини шу кўчадан олиб ўтамиз, лекин бугун бу ерда у йўқ», — деди у.

Лойиҳа тугаллангач, кўчани янада ривожлантириш режалаштирилган. Ҳар куни тадбирлар ўтказиш учун ҳудудда концерт майдончалари ва амфитеатр қуриш режалаштирилган.

Дизайн ечимлари пойтахтнинг «САД» архитектура-дизайн студияси томонидан тайёрланди. Рендерларда жамоат жойлари, жумладан, ўйин майдончаси, скамейкалар, навесли ўриндиқлар, янги кўча ёритгичлари ва бошқалар кўрсатилган.

Шокирариқ кўчасидан Жалойиргача автомобиллар ҳаракатини бир томонлама қилиш, чорраҳалар орасидаги ҳаракатни ўзгартириш ва йўл қисмини торайтириш режалаштирилган. Сўғдиёна кўчасида икки томонлама велосипед йўлаги бўлади, тўхташ жойи «чўнтак»да ташкил этилади.

Жалойир кўчасида ҳаракат ўқини ўзгартириб, уни завод бўйлаб ушбу кўчанинг дубликасига кўчириш таклиф қилинмоқда. Шу тариқа Сўғдиёна кўчасидан темир йўл кесишмасигача бўлган қисмда транзит ва юк ташув автомобиллар ҳаракати истисно қилинади.

Қурилиш муддати тахминан икки ойни ташкил қилади.

Пойтахтнинг бошқа ҳудудларида ҳам гастрономик кўчалар қурилиши режалаштирилган — хусусан, Содиқ Азимов ва Тарас Шевченко кўчаларида.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон овози кўчасини кенг кўламли реконструкция қилиш лойиҳаси ҳам тақдим этилганди, унда автомобиллар учун жой қисқартирилиб, пиёдаларга устувор аҳамият берилади.