Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Италиянинг Corriere della Sera газетасига интервью берди. Қуйида «Медуза»нинг мазкур интервьюга аталган материали таржимасини тақдим этамиз.

Итальян газетаси ўз сайтида эълон қилинган мақола сарлавҳасида Усмоновни «ўзбек миллиардери» деб атади. Унинг бойлиги, Forbes талқинига кўра, 13,8 млрд долларга баҳоланмоқда, бу унинг дунёдаги 140-энг бой одам эканини англатади.

«Ўзбек миллиардери Усмонов: „Россияга қарши санкциялар — катта хато“»Скриншот: Corriere della Sera «Ўзбек миллиардери Усмонов: „Россияга қарши санкциялар — катта хато“»
Скриншот: Corriere della Sera

«Болалигимда Александр Дюманинг „Уч мушкетёр“ асари менинг севимли романим эди. Бу мутолаадан ҳаётимнинг икки муҳим жиҳати келиб чиқади. Биринчиси — қиличбозликка бўлган иштиёқим. Иккинчиси — Ўзбекистон, менинг мамлакатим оилалари баҳам кўрадиган „Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун“ шиоридир. Шунинг учун мен санкцияларга қарши курашишни ва оиламни ҳимоя қилишни давом эттиряпман. Менинг синглим — врач-гинеколог — менинг меросимдан бир умрга воз кечишга мажбур бўлди, лекин шунга қарамай, у ноҳақ равишда санкциялар остида қолмоқда (унинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова ҳам унга тегишли айрим мол-мулкларнинг қонуний эгаси экани сабабли санкциялар рўйхатига киритилган — таҳр.)», — деди Усмонов.

Унинг сўзларига кўра, Ғарб россиялик ишбилармонларни сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиб, катта хатога йўл қўйди.

«Чунки улар қарор қабул қилиш жараёнига таъсир кўрсатмайди. Улар Ғарб ва Шарқни яхши билишган, трансмиллий компаниялар қуришган ва чет элда фаол сармоя тикишган. Аммо ҳозир санкциялар туфайли улар асосан Россия ичида сармоя киритмоқда ва Ғарб юрисдикцияларининг холислиги ҳақида хомхаёлларга берилмаяпти», — дея таъкидлади миллиардер.

«Ғарб сиёсатчилари Россия иқтисодиётига зарар етказмоқчи эди, у эса ўсиб бормоқда. Улар бизнес элитасини жазоламоқчи бўлишди, россияликлар эса пулни уйга қайтаришди. Россия иқтисодиёти санкцияларга мослашмоқда, қўшни бозорлар эса азият чекмоқда. Европа Россия энергия ресурсларини рад этяпти ва уларни анча юқори нархда сотиб олишга мажбур. Мен оқ-қора манзарани чизмоқчи эмасман: санкциялар ҳамма учун, шубҳасиз, зарарли, лекин ҳозирча кўпроқ европаликлар учун. Савдо тўсиқлари трансмиллий компаниялар учун камроқ, минтақавий компаниялар учун кўпроқ имкониятлар яратади. Санкциялар ожизлик белгисидир», — деди Усмонов.

У «70 ёшида саломатлик ва хайрия ишларига эътибор бериш ўрнига, бор кучини Германияда унга қарши санкциялар ва бемаъни сиёсий таъқибларга қарши курашга сарфлаётганини» қўшимча қилди. 2020 йил ноябрь ойида Spiegel нашри Германиянинг Алишер Усмоновга нисбатан тергови мамлакатнинг Ўзбекистон билан дипломатик муносабатларини ёмонлаштиргани ҳақида ёзган.

«Мен буни илгари ҳам бошдан кечирганман: 26 ёшимда дўстим ва унинг ўзбек КГБ`сининг иккинчи шахси бўлмиш отаси билан бўлган ҳисоб-китоблар қурбони бўлиб, қамоқхонага тушиб қолдим. Оқланишга эришиб, ҳукмни бекор қилишларига муваффақ бўлдим. Худо хоҳласа, ҳозир ҳам бунинг уддасидан чиқаман, олий юридик маълумотга эгаман ва қонун устуворлигига ишонаман».

Унинг қайд этишича, Россия ва Украина ўртасидаги мустаҳкам тинчлик фақат ақл-идрок ва муроса асосида бўлиши мумкин, бунга музокаралар орқали эришилади.

«Биз ўзаро манфаатли ёки ҳеч бўлмаганда мақбул келишувлар асосида биргаликда яшашга интилишимиз керак. Кўп қутбли дунёда Евроосиё минтақасининг хавфсизлиги Россия, Хитой, Марказий Осиё мамлакатлари, Туркия ва Европа Иттифоқи манфаатларини ҳисобга олиши керак», — дейди у.

Усмонов ва санкциялар

Усмонов 2022 йилнинг февралида, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейинги дастлабки кунларда, Европа Иттифоқи санкциялари остида қолганди. ЕИ уни Россия президенти Владимир Путин билан «жуда яқин алоқага эга» ва «Қримнинг аннексия қилиниши ва Украинадаги беқарорлашувга масъул бўлган россиялик шахсларга моддий ёки молиявий ёрдам кўрсатган» олигарх сифатида тан олган.

Миллиардернинг ўзи эса Путин билан алоқалари туфайли эмас, балки шуҳрати ва бойлиги туфайли ЕИ санкциялари учун қулай нишон бўлганини таъкидлаган.

2022 йилнинг кузида немис прокуратураси ва федерал жиноят полицияси департаменти ходимлари Усмоновга алоқадор бўлган объектларда қатор тинтувлар ўтказган. Жараён Тегернзе кўлидаги виллада ва «Дилбар» (Dilbar) яхтасида, шунингдек, Франкфурт-Майн яқинидаги бизнесменнинг дўсти оиласининг квартирасида ўтган. Тинтувлар 2023 йил майида ноқонуний деб топилган.

2023 йил ноябрь ойида эса Франкфурт-Майн суди россиялик миллиардерга нисбатан олиб борилган тергов давомида олиб қўйилган мол-мулкларни эгаларига қайтаришни белгилаган.

2024 йил февралида Европа суди миллиардер Алишер Усмоновнинг ўзига Россиянинг Украинага босқини сабабли ЕИ томонидан қўйилган санкцияларни бекор қилиш ҳақидаги апелляциясини рад этган. Усмоновнинг адвокатлари санкциялар учун асослар ноаниқ эканини таъкидлаган, бироқ суд бу фикрга қўшилмаган.

Маълумот учун, 2022 йил ноябрида Financial Times Ўзбекистон ҳукумати миллиардерга тегишли бойликнинг бир қисмини мамлакат иқтисодиётига инвестиция қилиш имкониятини чеклаб қўйгани учун ЕИдан Усмоновга нисбатан қўлланган санкцияларни бекор қилишни сўраганини ёзганди. Алишер Усмонов 2018 йилда Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.