Ўзбекистонда бир неча эркак «шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган» соқол қўйгани учун жаримага тортилди. «Газета.uz» Олий суд сайтидаги суд қарорларини ўрганиш давомида буни аниқлади.

Ўтган йилнинг 31 октябрида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун қабул қилинган эди, унга кўра, жамоат жойларида юзни шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада ёпиб юриш БҲМнинг 10 дан 15 бараваригача (3,4 млн сўмдан 5,1 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур ҳуқуқбузарликда жавобгарликни истисно қилувчи ҳолат сифатида тиббий кўрсатма асосида ёки меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолатларда ёхуд йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош-кийимда ёки спорт ва маданий тадбирлар пайтида уларнинг иштирокчилари томонидан, шунингдек, қонунчиликда рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш ҳолати белгиланган.

Олий суд веб-сайтига кўра, ушбу модда бўйича биринчи суд қарори 23 ноябрь куни қабул қилинган. Ўша ойда яна иккита шундай иш кўриб чиқилган. Январь ойида МЖТКнинг ушбу моддаси бўйича кўрилган ишлар сони 13 тага, февралда — 11 тага, мартда — 34 тага, апрелда — 109 тага, майда — 174 тага, июнда — 194 тага, июлда — 166 тага, августнинг 20 кунида — 86 тага етган.

Суд қарорлари базасида МЖТКнинг 184−4-моддаси билан қайд этилган жами 789 та ҳолат мавжуд. Кўп ҳолларда у аёллар билан боғлиқ бўлган (камдан-кам ҳолларда эркаклар). Умумий ҳажмнинг 416 таси (52,7 фоизи) Андижон вилоятига тўғри келади, уларнинг кўпчилиги Андижон тумани ва Андижон шаҳрида — 276 та (35 фоиз), Қўрғонтепа туманида эса — 35 та ҳолат.

40 та ҳолатда судлар ишни тугатган, 35 тасида эса рад этган. Баъзи эпизодларда судлар фақат огоҳлантириш билан чекланган. Бошқа ҳолларда судланувчилар юзларини касаллик туфайли беркитиб юрганини кўрсатиб, апелляция ва кассация шикоятлари билан мурожаат қилган, шундан сўнг судлар аввалги қарорларни бекор қилган.

Қайд этиш жоизки, бир судланувчи иштирокидаги айрим қарорлар маълумотлар базасига қайта юкланган, шу сабабли кўриб чиқилган ишлар сони бироз камроқ бўлиши мумкин.

Суд ҳужжатлари, шунингдек, «шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган» соқол ўстиргани учун жиноий жавобгарликка тортилган эркакларни ҳам ўз ичига олади.

22 май куни Жиззах шаҳридаги «Кўк бозор» бозори ҳудудида «Диний муҳитни соғломлаштириш» профилактика тадбири чоғида 29 ёшли фуқаро соқолини «шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган» қилиб ўстиргани аниқланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан МЖТКнинг 184−4-моддаси (Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш) билан маъмурий баённома тузилган. Судда у «айбини тўлиқ тан олган» ва жамоат жойларида соқол қўйишга қўйилган чекловлардан бехабарлигини айтган.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳри судининг Ж.Тангматов раислигида қабул қилинган қарорида Конституциянинг 20-моддасига (Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак) таянилади.

Суд ишда оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқлигини инобатга олиб, санкцияда кўрсатилганидан кам, яъни БҲМнинг 5 баравари (1,7 миллион сўм) миқдорида жарима солишга қарор қилган.

29 май куни шу бозорда ўша пайтдаги 21 ёшли Т.С.га нисбатан ҳам «тартибсиз соқоли» (суд қароридан) учун баённома тузилган. У ҳам 1 миллион 700 минг сўм жарима олган.

22 май куни Жиззах шаҳрида 26 ёшли М. «шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган» соқол қўйгани учун БҲМнинг 2 баравари (680 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган.

10 май куни Андижон вилоятининг Асака туманида ИИБ ходимлари «бутун юзи жамоат жойида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган соқол билан ўралган» 27 ёшли Ш. ни тўхтатган. Бунинг учун, шунингдек, ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига риоя қилмагани учун унга жами БҲМнинг 10 баравари (3,4 миллион сўм) миқдорида жарима солинган.

25 апрель куни Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида соқол қўйган 36 ёшли эркак, жумладан, МЖТКнинг 184−4-моддаси билан жаримага тортилган.

19 август куни Наманган вилояти Уйчи туманида тўрт нафар шахс майда безорилик учун, улардан бири, шунингдек, «жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган» соқол қўйгани учун қўлга олинган. Судья икки жазони умумлаштириб уни 5 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Айрим ҳолларда судлар томонидан МЖТКнинг 184−4-моддаси соқол қўйган эркакларга нисбатан нотўғри таснифлангани кўрсатилган ва баённомадан чиқариб ташланган.

Масалан, Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида 8 май куни бўлиб ўтган суд жараёнида 23 ёшли А.А. ИИВ ходимлари уни соқоли учун тўхтатганини айтган. Ундан бўлимга боришни сўрашган, аммо у «ходимнинг қонуний талабларини» бажаришдан бош тортган. Суд йигитнинг ташқи кўриниши уни жамоат жойида идентификация қилишга имкон беради, шунинг учун у МЖТКнинг 184−4-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиши мумкин эмас, деб ҳисоблаган.

13 июнь куни Андижон шаҳридаги «Жаҳон бозори» бозори ҳудудида жамоат тартибини бузган ва ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаган шахсга нисбатан МЖТК моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Суд жараёнида судланувчининг айтишича, ИИВ ходими уни бўлимга таклиф қилиб, соқолини олишни сўраган. Фуқаро эса қўлида боласи борлиги учун буни кейинроқ қилишини айтган. Унинг сўзларига кўра, ходим уни ёқасидан ушлаган, бошқа ходим эса қўлини қайирган.

Суднинг қайд этишича, ушбу шахсга нисбатан 184−4 (Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш) ва 195-моддалар (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) нотўғри тузилган. Аммо унга нисбатан 183-модда (Майда безорилик) ва 194-модданинг 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларига риоя қилмаслик) билан 1 миллион 200 минг сўм жарима солинган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳри суди 2 май кунги қарорида 20 ёшли йигитга нисбатан МЖТКнинг 184−4-моддаси «ортиқча малакалангани»ни ҳам кўрсатган.

Аввалроқ «Газета.uz» август ойи бошида Зангиота туманида кўчада матодан қилинган ниқоб тақиб юрган рўмолли аёл жаримага тортилгани ҳақида ёзган эди. У мебель цехида ишлаши ва чангга аллергияси борлигини тушунтирган, бироқ суд уни 1,7 миллион сўм жаримага тортган.