Дзюдо бўйича Олимпиада чемпиони Диёра Келдиёрова Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича махсус вакили этиб тайинланди. Бу ҳақда агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Instagram`даги саҳифасида хабар берди.

«Бу қарор қоғоздаги гап эмас, балки жамиятимиздаги чуқур ижобий ўзгаришлар рамзидир. Диёранинг Олимпиададаги ғалабаси илғор ўзгаришлар учун катализатор бўлиб, бутун дунёга Ўзбекистоннинг тенг имкониятлар ва ҳадсиз салоҳиятлар мамлакати эканини намойиш этади. Диёра дзюдо бўйича Марказий Осиё минтақасидаги илк Олимпия чемпиони сифатида ўз номини тарих саҳифасига ёзиб улгурди ва энди у бутун бир авлодни ортидан эргаштира олади», — дея таъкидлади у.

«Диёра замонавий ўзбек аёлининг серқирралиги — меҳрибон қиз, содиқ рафиқа, ҳурматга муносиб келин, шу билан бирга, мамлакатимизни жаҳон аренасида муваффақиятли намоён этаётган Олимпиада чемпиони тимсоли», — деб ёзди Шаҳноза Мирзиёева.

«Унинг махсус вакил сифатидаги янги вазифаси Ўзбекистондаги барча аёллар учун анъанавий оилавий қадриятларни сақлаган ҳолда исталган соҳада чўққига чиқиши мумкинлигига ўзига хос чорлов бўла олди», — дейилади хабарда.

Шаҳноза Мирзиёева Диёранинг фаолияти нафақат мамлакатда гендер тенглигига эришишни тезлаштириши, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги илғор давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши ҳамда бутун дунё аёлларини руҳлантиришига ишонтирди.

Эслатиб ўтамиз, дзюдочи Диёра Келдиёрова Париж Олимпиадасининг финалида косовалик рақиби Дистрия Красничини енгди ва ёзги Олимпиадада олтин медаль олган илк ўзбекистонлик аёл спортчи бўлди.

У ғалабаси ҳақида сўзлаб, «Ўзбекистондаги аёллар ҳаётини ўзгартириш менинг миссиям», дея таъкидлаганди.