Афсонавий «Ялла» ансамбли бадиий раҳбари Фаррух Зокиров «Озарбайжон халқ артисти» унвони билан тақдирланди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарларининг Фаррух Зокировга «Озарбайжон Республикаси халқ артисти» ва Пўлат Булбул ўғлига «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвонларни бериш тўғрисидаги тегишли фармонлари қабул қилинган.

фаррух закиров, халқ артисти, ялла гуруҳи

22 август куни пойтахтдаги Форумлар саройида икки мамлакат санъаткорларига юксак давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон президенти администрациясининг ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов фармонларни ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Озарбайжон маданият вазири Адил Каримли томонидан фахрий унвонлар тантанали топширилди.

Маросимда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори маданият ва санъат соҳасида ҳам мустаҳкамланаётгани, дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари ривожланиб, янги босқичга кўтарилаётганлиги таъкидланган.

«Бу унвонга лойиқ кўрилишим катта шараф ҳамда масъулият ҳам юклайди. Мазкур эътирофни нафақат менга, балки халқимизга нисбатан ҳурмат, деб биламан», — деди Фаррух Зокиров.

фаррух закиров, халқ артисти, ялла гуруҳи

фаррух закиров, халқ артисти, ялла гуруҳи

фаррух закиров, халқ артисти, ялла гуруҳи

Маълумот учун, Фаррух Зокиров шу пайтга қадар Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Татаристон, Ингушетия, Бошқирдистон халқ артисти унвонлари билан тақдирланган. Бундан ташқари, 2017 йилда Қирғизистоннинг «Дўстлик», 2018 йил Ўзбекистоннинг «Фидокорона хизматлари учун» ва 2023 йил «Эл-юрт ҳурмати» орденларига муносиб кўрилган.