Россия халқаро санкциялар ва Украинадаги урушга қарамай, Американинг дрон ва ракеталар учун микросхемаларини сотиб олишда давом этмоқда, деб ёзди The Insider суриштирув натижаларига таяниб. Материалда айтилишича, Ўзбекистон чипларни олиб келишда янги транзит нуқтасига айланган.

Россия сотиб олиш ва импорт қилишда давом этаётган қимматбаҳо микрочиплар ракеталар ва дронлар навигациясида, шунингдек, интернетда юзни аниқлаш дастурлари ёки контентни фильтрлашда ишлатилади. Гап асосан Американинг Intel (Altera бренди) ва AMD (Xilinx бренди) компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган мантиқий интеграл микросхемалар (FPGA) ҳақида бормоқда. Материалда ёзилишича, ушбу ишлаб чиқарувчилар кўпинча эмбаргода назарда тутилган чекловларни эътиборсиз қолдирмоқда.

Гап шундаки, 2022 йилда Intel ва AMD Украинадаги уруш туфайли Россиядан чиқишини эълон қилган, АҚШ расмийлари эса Россияга чип етказиб беришни тўлиқ тақиқлаган. Аммо, экспорт, шунга қарамай, давом этаверган — икки ярим йиллик кенг кўламли уруш давомида Россияга камида 216 миллион долларлик Xilinx бренди, 120 миллион долларлик Altera бренди маҳсулотлари етказиб берилган. Улар ҳарбий мақсадлар учун Урал оптик-механика заводи, «Орион» илмий-техника маркази ва ЦКБА каби корхоналар томонидан сотиб олинган.

Нашрнинг таъкидлашича, лицензиялаш ва харидорни текшириш билан боғлиқ чекловлар кўпинча оддий схема орқали четлаб ўтилади: ҳужжатларда ускуналар россиялик шахсларга етказилмаслиги ва уларга технологиядан фойдаланиш ҳуқуқи берилмаслиги кўрсатилади.

«Россия мудофаа саноати учун асбоб-ускуналар ва электроника етказиб берувчилар якуний олувчи сифатида ЕИ ёки Хитойдаги компанияни кўрсатиш кифоя қилишини, шунда америкалик ишлаб чиқарувчилар товарларни жўнатишга тайёр бўлишини аллақачон билиб қолган», — деб ёзди The Insider.

Урушдан олдин қонуний етказиб бериш билан шуғулланган дистрибьютор фирмалар фаолиятини номинал равишда тўхтатган. Бироқ импортёрлар билан алоқаларидан фойдаланган тадбиркорлар янги юридик шахслар очиб, улар орқали экспорт қилишни давом эттирмоқда.

Улардан бири, хусусан, Xilinx маҳсулотларини доимий экспорт қилувчи «Айди Солюшн». Бу компания ўзини Hitch Global’нинг (бозорни тарк этган AMD ва Intel платалари ишлаб чиқарувчиси) расмий дистрибьютори сифатида атайди ва, нашрга кўра, платаларни Россияга Ўзбекистон орқали ҳатто қайта қадоқланмаган ҳолда олиб келади.

Мутахассисларнинг фикрича, уруш даврида Хитой орқали анъанавий етказиб бериш занжирларининг мураккаблашуви туфайли Ўзбекистон янги транзит нуқтасига айланган. Хитойлик контрагентлар санкциялардан хавфсираб, россияликларга нақд пулда тўлашни ва микрочипларни контрабанда орқали олиб ўтишни таклиф қилмоқда, дейилади материалда.

  • Россиянинг ўзи амалда FPGA ишлаб чиқармайди. Ягона ва содда микросхемаларни Зеленограддаги «Микрон» заводи ва Воронеж яримўтказгичли қурилмалар заводи ишлаб чиқаради.
  • Xilinx ва Altera чиплари Украинага мунтазам зарба берувчи Х-101, «Искандер», «Калибр» ракеталари ва «Ланцет» (Zala) дронларининг навигация тизимларида қўлланади.