Январь-июль ойларида Ўзбекистон 983,7 миллион долларлик газ импорт қилди, дейилади Статистика агентлигининг «Газета.uz» ўрганган ташқи савдо ҳақидаги ҳисоботида. Кўрсаткич 2023 йилнинг биринчи етти ойига нисбатан 4,9 баравар (қиймат кўринишида) кўп, ўшанда етказиб бериш 201 миллион долларни ташкил қилган. Бу, шунингдек, 2023 йилдаги газ импортининг умумий ҳажмидан (694,9 миллион доллар) ҳам ошади.

Январь ойида «кўк ёқилғи» импорти 35,6 миллион долларни ташкил қилди, февралда — 3,7 баравар кўпроқ ёки 131,1 миллион доллар, мартда — 193,5 миллион доллар, апрелда — 102,6 миллион доллар, майда — 180,4 миллион доллар, июнда — 166,3 миллион доллар, июлда — 174,2 миллион доллар. Статистика агентлиги етказиб беришнинг физик ҳажмини очиқламайди.

Ўзбекистон аста-секин ўтган йилги газ экспорти ҳажмига қайтмоқда. Йил бошидан буён хорижий етказиб бериш 323,1 миллион долларга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига (341,9 миллион доллар) нисбатан 5,5 фоизга кам. Январда бу кўрсаткич 21 миллион долларни ташкил этди, февралда — 5,7 миллион доллар, мартда — 18,7 миллион доллар, апрелда — 16,9 миллион доллар, майда — 7,6 миллион доллар, июнда — 181,5 миллион доллар.

Июль ойида экспорт 81,7 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг июлига нисбатан (63,5 миллион доллар) 1,3 баробар кўп. Ўзбекистон газни асосан Хитойга, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистонга етказиб бермоқда.

ХХР Бош божхона бошқармаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён Ўзбекистон газининг импорти 304,18 миллион долларни ташкил қилган. Январда Хитой Ўзбекистондан 38,8 миллион долларлик газ импорт қилган, февралда — 18,6 миллион, апрелда — 11,4 миллион, майда — 85 миллион, июнда — 81,1 миллион, июлда — 69,2 миллион. Бунда ҳам физик ҳажмлар очиқланмаган.

Етти ойда газ қазиб олиш ҳажми 26,15 миллиард куб метрни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 фоизга ёки 1,3 миллиард куб метрга кам.

2023 йил октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали тескари режимда импорт қилмоқда. РФдан газ импорти ҳажмини ошириш учун магистрал газ тизимини модернизация қилишга 500 миллион доллар сармоя киритиш режалаштирилаётгани маълум қилинганди. Лойиҳа мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш, мавсумий нотекис истеъмолни қоплаш учун қўшимча газ ҳажмлари ва ушбу ёқилғини етказиб берувчи кафолатланган манбалар диверсификациясида муҳим аҳамиятга эга, деб аталмоқда.