Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказди, дея хабар қилмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тадбирда Озарбайжоннинг Pasha Holding, Socar, Sofaz, Agalarov Development, Silk Way Group, Matanat, Sarda Group, AzerGold, Azermash, Озарбайжон инвестиция холдинги, «Озарбайжон темир йўллари», «Алят» эркин иқтисодий зонаси ва бошқа етакчи компаниялари раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этди.

Бундай шаклда илк бор ўтказилаётган тадбир икки мамлакат савдо-иқтисодий ҳамкорлигида янги босқични бошлаб бериши қайд этилди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари томонидан эълон қилинган Иқтисодий кооперация йили доирасидаги муҳим вазифаларни амалга оширишда айнан бизнес асосий драйвер бўлиши ва ҳал қилувчи роль ўйнаши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Гап ҳамкорликнинг 20 та устувор йўналиши бўйича истиқболли лойиҳалар ҳақида бормоқда.

«Биз ҳурматли Илҳом Ҳайдарович билан бир фикрдамиз: ҳамкорлик келажаги бизнесга боғлиқ, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг эртанги куни сизларга боғлиқ», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари тадбиркорларнинг самарали ва қулай фаолият юритиши учун барча зарур шароитлар яратилишига ишонтирди.

Икки мамлакатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ режалари ҳақида маълумот берди.

Учрашув якунида давлат раҳбарлари кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Тошкент шаҳрида меҳмонхона ва турар жой мажмуаларини барпо этиш, Қашқадарё вилоятида қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, Озарбайжонда тўқимачилик кластерлари ҳамда тикувчилик фабрикасини ташкил этиш ва бошқа лойиҳалар шулар жумласидан.