20 август куни Қозоғистон Энергетика вазирлиги Остонада мамлакатда атом электр станциясини қуриш бўйича жамоатчилик муҳокамаларини ўтказди. Йиғилиш барча ҳудудларда бўлиб ўтган оммавий эшитувлар циклининг якунийси бўлди, деб хабар қилди ташкилот матбуот хизмати.

Муҳокамаларда ядро саноати мутахассислари, давлат органлари, жамоатчилик ва фуқаролик сектори вакиллари иштирок этди.

Энергетика вазирлигининг атом энергетикаси ва саноат департаменти директори ўринбосари Гулмира Мурсалова Қозоғистонда электр энергиясининг 70 фоизи кўмир станцияларида ишлаб чиқарилиши, уларнинг кўпчилиги аллақачон эскирганини таъкидлади. Бу заводларнинг баъзилари кейинги 10 йил ичида тўхтатилиши керак, деди у. Шу билан бирга, мамлакатда электр энергияси истеъмолининг йиллик ўсиши тахминан 3 фоизни ташкил қилади. Қозоғистон пик соатларда чегарадош давлатлардан электр энергияси сотиб олишни режалаштирмоқда.

«2023 йил якунига кўра истеъмол қилинган 115 миллиард кВт/соатдан 2 миллиард кВт/соатдан кўпроғи, режалаштирилганидек, Россия Федерациясидан харид қилинди. Келажакда бунинг олдини олиш учун биз ҳозирданоқ тегишли чораларни кўришимиз керак. Ҳозирги вақтда кўплаб мамлакатлар АЭСлар қурмоқда. Хитойда 26 та реактор қурилмоқда, Беларусь ва БААда биринчи АЭСлар қурилмоқда, Туркия ўз АЭСини қурмоқда, қўшнимиз Ўзбекистон эса кичик атом электр станцияси қурилишини эълон қилди», — деди Мурсалова.

«Қозоғистон атом электр станциялари» компанияси бош директори Тимур Жантикиннинг таъкидлашича, мамлакат шимолида ҳали электр қуввати тақчиллиги йўқ, аммо «жанубда вазият мураккаброқ». Унга кўра, 13 та турли АЭС лойиҳаси таклиф этилган бўлиб, улардан тўрттаси танлаб олинган.

ҚР Энергетика вазирлигининг тушунтиришича, Қозоғистонда АЭСларни қуриш учун бир-бирини муваффақиятли тўлдирувчи ва алмаштирувчи пассив ва фаол хавфсизлик тизимларига эга бўлган энг хавфсиз III ва III++ авлод реакторлари таклиф этилади.

Kursiv.uz'нинг қайд этишича, Остонадаги эшитувлар Олмаотадагидан кўра «хотиржамроқ» ўтган, пойтахтда муҳокамалар иштирокчилар ўртасидаги муштлашув билан якунланганди. Остонадаги эшитувчилар, хусусан, АЭС қурилиши электр энергияси нархига қандай таъсир қилиши ва станцияда фавқулодда вазият юзага келган тақдирда ким жавобгар бўлишини сўради.

  • Қозоғистонда АЭС қуриш бўйича мунозаралар бир неча йилдан бери давом этиб келмоқда. 2023 йил сентябрида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев бу масалани референдумга қўйишни таклиф қилган эди. Қурилиш учун жой сифатида Олмаота вилоятининг Балхаш кўли қирғоғидаги Улкен қишлоғи танланди ва шу ерда илк оммавий муҳокамалар бўлиб ўтди.
  • Июнь ойи охирида Тоқаев жорий йилнинг кузида АЭС қуриш бўйича референдум ўтказилишини маълум қилган эди. Аниқ санани мамлакат ҳукумати белгилайди.