23 август куни Кўксарой қароргоҳида мамлакатга давлат ташрифи билан келган Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни тантанали кутиб олиш маросими бўлди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, икки давлат байроқлари билан безатилган майдонда меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Давлатлар мадҳиялари янгради.

Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида тор доирада учрашув ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилди.

Унда стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Давлат раҳбари Озарбайжон президентининг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.

Бугун биз Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаймиз. Бир неча йил давомида биз биргаликда Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларини давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражасига кўтаришга муваффақ бўлдик, — деди Шавкат Мирзиёев. Журналист Азиза Қурбонова ўзининг Telegram каналида «Ўзбекистон раҳбари брифингда „биз Озарбайжон билан ишончли стратегик ҳамкор эдик, бугундан бошлаб иттифоқдошмиз“ деди», — дея пост қолдирди.

илҳом алиев, озарбайжон, шавкат мирзиёев

Шунингдек, кўп қиррали ҳамкорликни илгари суриш ва уни аниқ мазмун билан бойитишнинг самарали механизмига айланиши лозим бўлган Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилаётгани қайд этилди.

Ташриф доирасида президентларнинг икки мамлакат етакчи компаниялари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтади ва янги кооперация лойиҳаларига старт берилади. Таъкидланганидек, келгуси йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланади.

Мирзиёев ушбу санани кенг нишонлаш мақсадида тадбирлар дастури ва бир йилга мўлжалланган Идоралараро мулоқот ва алмашинувлар режасини тайёрлашни таклиф этди.

илҳом алиев, озарбайжон, шавкат мирзиёев

Бундан ташқари, келгуси йилни Ўзбекистон ва Озарбайжон иқтисодий кооперацияси йили деб эълон қилиш ва 20 та устувор йўналишни қамраб олган комплекс дастурни қабул қилишга келишиб олинди.

Товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баробар ошириш ва саноат кооперациясининг янги босқичига ўтиш, жумладан, учинчи давлатлардаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди.

Яқинда бўлиб ўтган бизнес форуми якунлари қайд этилди: умумий қиймати 2 миллиард доллардан зиёд истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди. Бу энергетика, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишлардаги кооперация лойиҳаларидир.

Транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа инфратузилмавий лойиҳаларни, шу жумладан, кўп томонлама асосда амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Томонлар авиақатновлар сонини ошириш, ерусти ва ҳаво транспорти бўйича тартиб-таомилларни имкон қадар енгиллаштириш, рақамли ечимларни жорий этишга келишиб олди.

илҳом алиев, озарбайжон, шавкат мирзиёев

Ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. 2025 йилга мўлжалланган алоҳида Ҳудудлараро ҳамкорлик режаси, икки мамлакат ҳудудларининг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича шериклик дастурини қабул қилиш ҳамда навбатдаги Ҳудудлар форумини Қўқон шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.

Давлат раҳбарлари маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва ахборот сиёсати, спорт соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттириш юзасидан келишувга эришди. Президентларнинг фармонлари билан маданият арбоблари Фаррух Зокиров ва Пўлат Булбул ўғлига мамлакатларнинг «Халқ артистлари» унвони берилгани қайд этилди.

Давлат раҳбари икки мамлакат етакчи университетлари ректорларининг мунтазам учрашувлари механизмини йўлга қўйиш, қўшма медиа форумини ўтказиш таклифини билдирди.

Ўзаро сайёҳлар оқимини, гуманитар ва бизнес алмашинувларни кўпайтириш мақсадида пойтахтларда туризм ва ишбилармонлик мажмуаларини қуриш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Икки томонлама муносабатларни ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳамкорлик салоҳиятини чуқур таҳлил қилиш ва юзага чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.