Тошкент вилоятининг Зангиота туманида рўмол ўраган ва матодан ниқоб таққан аёл жамоат жойида юзини беркитиб юргани учун жаримага тортилди. «Газета.uz» жиноят ишлари бўйича туман судининг 7 августдаги қарорини ўрганди.

Суд ҳужжатида қайд этилишича, 2024 йил 2 август куни соат 11:51 лар атрофида Зангиота тумани, Амир Темур маҳалласи Мустақиллик кўчасида фуқаро М.А.га (аёл) жамоат жойида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда ҳаракатланиб келгани юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Суд мажлисида М.А. 2023 йил сентябрь ойида Зангиота туманидаги мебель цехида ишчи вазифасида ишлаб келишини маълум қилган. 2024 йил 2 август куни соат 11:50 да аёл туманнинг Мустақиллик кўчасида жойлашган озиқ-овқат дўконига нон ва қаттиқ маҳсулотини харид қилиш учун юзида «маска» (тиббий ниқоб — таҳ.) тақилган ҳолатда кетаётган вақтида ИИБ ходимлари тўхтатиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатини сўраган. Аёл уларга чангга аллергияси борлиги шу сабабли ниқоб тақиб юришини, ишхонаси ҳам чанг эканини айтган.

Суд ҳужжатида қайд этилишича, аёл ИИБ ходимларига касаллиги ҳақида ҳеч қандай ҳужжати йўқлигини, жамоат жойида ниқоб тақиб юриш мумкин эмас эканини билмаслиги маълум қилган. У ишдан шошиб чиққани сабабли ниқобини ечмагани учун узр сўраган.

Аёл судда оилавий шароити оғирлиги, вояга етмаган фарзандлари борлиги, ёлғиз аёл эканини билдириб, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган.

Суд аёлнинг кўрсатувини тинглаб, «маъмурий иш ҳужжатларини атрофлича ўрганиб чиқиб, ҳуқуқбузарнинг айби маъмурий иш ҳужжатларини кўздан кечириб, баённома, фотожадваллар, тушунтириш хатлари ҳамда ишдаги бошқа объектив далиллар билан ўз исботини топган» деган хулосага келган.

Суд аёлни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−4-моддасида (Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, унга ушбу кодекснинг 33-моддасини (Енгилроқ маъмурий жазо чорасининг қўлланилиши) қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баравари миқдорида, яъни 1 700 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184−4-моддаси, яъни жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бунда қуйидагилар мустасно:

  • тиббий кўрсатмага асосан ёки йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош кийимда бўлиш;
  • меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолларда юзини тўсган ҳолда бўлиш;
  • спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш вақтида ушбу тадбирлар иштирокчиларининг юзини тўсган ҳолда бўлиш;
  • қонунчиликда тўғридан-тўғри рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш.

Материал тўлдирилди: Аниқлик киритилган маълумотларга кўра, аёл рўмолда бўлган, унинг устидан эса матоли ниқоб таққан.