Россия армияси Украинанинг Донецк вилоятидаги муҳим Покровск шаҳрини эгаллаб олишга яқин турибди ва уни Украинанинг бошқа йирик шаҳарлари — Днепр ва Запорожьега йўл очадиган стратегик мақсад сифатида кўрмоқда, деб ёзади The Economist.

Материалда айтилишича, 59 минг аҳолига эга Покровск 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери қайноқ фронт чизиғида бўлган, бироқ сўнгги ойдагина «жиддий таҳдид» остида қолди. Украина расмийлари Украина Қуролли Кучларининг (УҚК) РФнинг Курск вилоятидаги кутилмаган операцияси Донецк йўналишидаги босимни юмшатишига умид қилганди, аммо Россия ҳужуми фақат тезлашди.

Вилоят милицияси ва маҳаллий ҳокимлик аллақачон шаҳарни тарк этган. Шунингдек, иккита супермаркет ёпилди, бошқалари ҳам шунга эргашиши эҳтимоли катта. Маҳаллий аҳоли банклар ва пенсия жамғармаси филиаллари олдида навбатда турибди. 19 август куни ҳукумат аҳолини эвакуация қилишга чақирди ва кўпчилик қулоқ солди. «Вокзал платформасида [Украина] ғарбига саёҳат қилиш учун сумка ва қутиларга сиқиб қўйилган уй ҳайвонларининг чийиллаши билан аралашган йиғи овозлари эшитилади», — тасвирлади нашр темирйўл вокзалидаги ҳолатни.

Ҳозир рус қўшинлари Покровскдан 10 км узоқликда. УҚК қўмондонлари Россия ҳужумининг муваффақиятини турлича изоҳламоқда. Кимдир УҚКда снарядлар етишмаслигига ишора қилмоқда, бошқалари — Россия армиясининг тактикасига — кичик пиёдалар ҳужуми, режали бомбалар, радиоэлектрон жангнинг янги турларига.

Украина ҳарбийлари шаҳарни қанча вақт ушлаб тура олиши ҳақида маълумот бермади. «Русларга ҳозирда дронлар, артиллерия ва бомбардимончи самолётлар томонидан ҳужумга учраётган Мирноград, Селидово ва Украинск каби яқин шаҳарлардан ўтиш учун бир неча ҳафта ёки ой керак бўлиши мумкин… Афтидан, Покровскнинг эгалланиши, Мариуполь, Бахмут ва Авдеевка каби, вақт масаласи, холос», — деб ёзди The Economist.

«Кейин нима бўлиши — очиқ савол. Покровск устидан назорат ва Донецк вилоятининг маъмурий чегаралари томон силжиш [Россия президенти] Владимир Путин учун сиёсий ғалабани эълон қилиш ва жиддий музокараларни бошлашга етарли бўлиши мумкин. Ёки йўқ. Кўп нарса Украина ҳозирда ўзи эгаллаб турган Россия бўлагини келгусидаги музокараларда савдо воситаси сифатида сақлаб қола олишига боғлиқ бўлади», — ҳисоблайди нашр.