Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида кредит маблағларини талон-торож қилган ҳоким ёрдамчиси ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Қайд этилишича, маҳаллалардан бирининг ҳоким ёрдамчиси Ф.А. мансаб мавқеидан фойдаланиб, тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноати учун техникалар улгуржи савдосига ихтисослашган МЧЖ раҳбари Р.М. билан тил бириктирган.

2022−2023 йилларда наслли чорва моллари сотиб олиш, паррандачилик, асаларичилик, тикувчилик, иссиқхона ташкил этиш ва бошқа мақсадларда 14 нафар фуқаро номидан имтиёзли кредит олиш учун шартнома ва ҳисоб-фактура ҳужжатларига электрон рақамли имзо орқали сохта маълумотлар киритган ва банкка тақдим этган.

Сўнгра банк томонидан 440,3 млн сўм кредит маблағи ажратилган. Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиси бошқа МЧЖ раҳбари Х.С. билан ҳам келишиб, 25 нафар фуқаро номидан сохта маълумотлар тақдим этиш орқали банкдан 733,3 млн сўм кредит маблағи ажратилишига эришган. Шу тариқа, жами 1 млрд 173,6 млн сўм кредит маблағи талон-торож қилинган.

Ҳолатлар бўйича ҳоким ёрдамчиси, МЧЖ раҳбарлари ҳамда бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.