«Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» (ТЙВҚТЗ) АЖга нисбатан молиявий жарима қўлланди, деб хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.

Келтирилишича, АЖ томонидан махсус ахборот порталлари орқали 2024 йилда жами 2,8 млрд сўмдан ортиқ ўтказилган тендер савдолари юзасидан ўрганиш олиб борилган.

Натижада буюртмачи ташкилот, яъни мазкур АЖ «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси (Савдоларда рақобатни чеклашга қарши талаблар) талабларини бузгани аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича иш қўзғатилган ҳамда натижаси бўйича молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилиниб, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.

Шунингдек, қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун тегишли тартибда судга жўнатилди, дейилади хабарда.