23 август куни президент «Ёқилғи-энергетика тармоғида давлат назорати тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга кўра, электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясини («Ўзэнергоинспекция») Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилади. У ёқилғи-энергетика тармоғида давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.

Инспекцияга қуйидаги қўшимча вазифалар юкланди:

  • энергия самарадорлиги бўйича халқаро стандартларни жорий этиш ва мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;
  • йиллик энергия истеъмоли 500 тонна шартли ёқилғидан юқори бўлган барча саноат корхоналарида энергия истеъмолини бошқариш тизимини (Energy Management System) жорий этишни назорат қилиш;
  • соҳада давлат назоратини амалга ошириш ва ҳисоботларни юритиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш;
  • энергия аудиторларга малака сертификатларини бериш ва замонавий ўлчов лабораториялари бўйича минимал талабларни белгилаш.

«Ўзэнергоинспекция»нинг марказий аппарати тузилмасида 30 та штат бирлигидан иборат бўлган Энергия самарадорлигини ошириш департаменти ва Энергетика назорати соҳасини рақамлаштириш бошқармаси ташкил этилади.

Маълумот учун, мазкур инспекция давлат раҳбарининг 2022 йил 21 декабрдаги фармонига мувофиқ Энергетика вазирлиги ҳузурида ташкил этилганди.

Инспекциянинг давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган жами бошқарув штат бирликлари сони 357 та, шу жумладан, инспекция бошлиғи ўринбосарларининг сони 2 нафар этиб белгиланган.

2023 йилнинг май ойида президент Антикоррупция агентлигига Энергетика вазирлиги билан 1 сентябргача ёқилғи-энергетика тармоғини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш бўйича ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишни топширганди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига қўшимча равишда «Ўзэнергоинспекция» билан ҳамкорликда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ҳамда энергия самарадор ва энергия тежайдиган замонавий технологияларни жорий қилиш мақсадида ажратилган бюджет тизими бюджетлари ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг, шунингдек, Ўзбекистон кафолати остида жалб этиладиган чет эл кредитларининг мақсадли сарфланишини ўрганиб бориш топширилганди.