Тошкент шаҳри Чилонзор туманида бир гуруҳ шахслар савдо марказининг автотураргоҳи ходимларини калтаклади. Ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ маълумот берди.

Қайд этилишича, 23 август куни Чилонзор туманидаги «Олтин маркази» олдида 1984 йилда туғилган А.Ш. Malibu русумли автомашинада автотураргоҳга кирмоқчи бўлган. Шу вақтда автотураргоҳ назорати ходимлари автотураргоҳда жой йўқлигини маълум қилган ва автомашинада келган фуқаролар ҳамда назорат бўлими ходимлари ўртасида оғзаки тортишув бошланган.

Шундан сўнг А.Ш. ўзининг танишлари — 1986 йилда туғилган С.Ш., 1982 йилда туғилган Р.Н., 1979 йилда туғилган М.Ш., 1989 йилда туғилган С.М.ни чақирган ва улар жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан автотураргоҳ олдида жанжал кўтарган.

Ушбу шахслар «Олтин маркази»да қоровул бўлиб ишловчи 1986 йилда туғилган Ғ.И. ва 1981 йилда туғилган А.К.ни урган вақтида, марказ назорат бўлими ходими 1995 йилда туғилган Ж.И. уларнинг безорилик ҳаракатига чек қўйиш мақсадида ажратмоқчи бўлган. Оқибатда ушбу шахслар ўз фуқаролик бурчини бажараётган Ж.И.ни уриб тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар процессуал тартибда ушланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.