Тошкентда 2−4 октябрь кунлари креатив иқтисодиёт бўйича IV Жаҳон конференцияси бўлиб ўтади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 23 августдаги қарори билан бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида конференцияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тузилди. Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташкилий қўмитанинг ишчи органи этиб белгиланди.

Биринчи Бутунжаҳон креатив иқтисодиёт конференцияси (World Conference on Creative Economy, WCCE) 2018 йилда Индонезиянинг Бали шаҳрида бўлиб ўтган. 2021 йилда у Дубайда (БАА), 2022 йилда яна Балида бўлиб ўтган. Тадбир халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам бериш, инклюзив, барқарор иқтисодиётни шакллантиришда ижодкорликнинг ролини қайд этиш ва эътиборни ресурсга асосланган иқтисодиётдан билимга асосланган иқтисодиётига ўтказишга қаратилган.

Бу йилги конференция мавзуси: «Инклюзив креативлик: ўзгарган воқелик». У технологияларнинг жадал ривожланиши, айниқса, сунъий интеллектнинг жорий этилиши билан боғлиқ ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ўрганишга бағишланади.

Конференция доирасида креатив иқтисодиёт соҳасидаги вазирлар учрашуви, дунё ва Ўзбекистонда креатив иқтисодиётга бағишланган кўргазма, семинарлар, маслаҳат учрашувлари, амалий машғулотлар, тақдимотлар ва бошқа тадбирлар ўтказилади.

Форум ўтказиладиган кунларда Тошкентда Замонавий санъат маркази қошида арт-резиденциялар очилиши кутилмоқда. Франция маданият маркази, Миллий реставрация маркази лойиҳалари, шунингдек, «Абулқосим» мадрасаси ва «Оҳунгузар» маданий мерос объектида креатив иқтисодиёт кластерларини ташкил этиш лойиҳалари тақдимотлари ўтказилади.

Конференция якунлари бўйича жамғарма Стратегик ислоҳотлар агентлиги билан биргаликда конференция иштирокчилари, халқаро экспертлар, соҳа вакиллари ва кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда «Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича ишларни ташкил этиши керак.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2030 йилгача креатив иқтисодиётни ривожлантириш концепцияси ва уни 2025 — 2026 йилларда амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳалари ишлаб чиқилиши керак.

«Газета.уз» аввалроқ креатив иқтисодиёт тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси бўйича учрашувлар ҳақида ёзган эди.