Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги омборда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фақулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.

24 август куни соат 09:41да Тошкент шаҳар, Янгиҳаёт тумани, «Янги Дархон» МФЙ Янги Дархон кўчасида жойлашган ишлаб чиқариш цехларининг бири омборхонасида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган.

Вазирлик ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига соат 09:48 да етиб бориб, ёнғин қуршаб олинган ва бартараф этиш ишлари бошланганини маълум қилди.

«Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ва вафот этган фуқаролар тўғрисида хабар келиб тушмади. Вазият тўлиқ назоратга олинган», — дейилади хабарда.

Ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари — штаб бошлиғи полковник С.Зупаров ва Тошкент шаҳар ФВБ раҳбарияти ҳамда ходимлари, ҳамкорликдаги хизматлар етиб борган.

Кейинроқ ФВВ ёнғин соат 11:28 да бартараф этилганини маълум қилди. Ёнғиндан омборхонанинг тахминан 5000 кв метр майдони сақлаб қолинган. Лекин омборнинг қанча майдони ёнгани ҳақида маълумот берилмаган.

Ёнғин бартараф этишга 19 та ёнғин ўчириш ва бошқа махсус техникалар жалб этилган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.