Қозоғистон суди 10 миллион доллардан ортиқ қийматдаги «келиб чиқиши номаълум» ва «сотиб олиш манбаларининг қонунийлиги исботланмаган» бойликни давлат фойдасига мусодара қилди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратурасининг активларни қайтариб олиш қўмитаси маълум қилди.

Агентлик ушбу активларни олиб қўйиш учун судга мурожаат қилган. Биринчи инстанция суди қўмита даъволарини тўлиқ қаноатлантирган, апелляция инстанцияси эса қарорни ўзгаришсиз қолдирган.

Мутахассисларнинг фикрича, нақд пуллар, қимматбаҳо заргарлик буюмлари, илдизлари Саклар даврига бориб тақаладиган тарихий ва маданий мерос буюмлари давлат фойдасига расмийлаштирилган.

Бу «Ноқонуний йўл билан олинган активларни давлатга қайтариш тўғрисида»ги қонун доирасида амалга оширилган асоссиз бойликлар бўйича биринчи суд акти бўлди. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ҳужжатни ўтган йилнинг ёзида имзолаган эди.

Қонуннинг мақсади «ноқонуний йўл билан орттирилган мулкни давлатга қайтариш ёки Қозоғистонда қонуний иқтисодий муомалага жалб этиш, уларни ноқонуний эгаллаш ва олиб қўйишга олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, жамиятда ижтимоий адолатни тиклаш» ҳисобланади.