Ўзбекистонда табиат ҳимоячилари ва энг тоза маҳаллаларни тақдирлаб бориш йўлга қўйилади, деб хабар берди Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази

Чиқинди ва тозалаш ишлари соҳалари ходимларини рағбатлантириш, маҳаллаларни тоза, чиқиндилардан холи ҳудудга айлантириш мақсадида «Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» ва «Энг тоза маҳалла» танловлари ўтказилади.

«Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» — танловда санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бажарадиган ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи камида 10 йил садоқатли меҳнат қилган ходимлари қатнашиши мумкин.

Танлов 1 сентябрда бошланади, ғолиблар 8 декабрда аниқланади ва тақдирланади. Ғолибларнинг давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига бир йиллик контракт тўлови (аммо БҲМнинг 30 баравари (13,6 миллион сўм) миқдоридан ошмаган қисми) тўлаб берилади.

«Энг тоза маҳалла» — танлов ҳар йили ноябрь-январь ойларида туман ва шаҳар саралаш босқичи, ҳудудий саралаш босқичи ва республика босқичи шаклида ўтказилади. Мазкур танлов ғолиблари 21 март — Наврўз байрами арафасида тақдирланади.

Танлов натижаларига асосан Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ғолиб бўлган маҳаллаларнинг тегишли жамғармасига чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, маҳалладаги ижтимоий объектларга чиқинди контейнерлари ўрнатиш ҳамда дарахт экиш учун 500 миллион сўмдан пул мукофоти ўтказиб берилади. Бундан ташқари, хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль топширилади.

Шунингдек, санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бажарадиган ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи ишчиларига, экофаолларга ҳамда жамоатчилик экология назоратчиларига ҳар ой 100 тадан велосипед ва бошқа мукофотлар берилади.

Бу танловлардан мақсад «аҳоли орасида экологик билим ва маданиятни тарғиб қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларнинг экологик хавфсиз тизимини такомиллаштириш, соҳа фидоийларини қўллаб-қувватлаш, чиқиндиларнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш, белгиланмаган жойларга чиқинди ташламаслик кераклигини таъкидлаш» ҳисобланади.