23 август куни Волгоград вилоятидаги 19-сонли ахлоқ тузатиш колониясида маҳбуслар одамларни гаровга олди, деб хабар қилди Жазони ижро этиш федерал хизмати матбуот бўлими.

Нима содир бўлди?

«19-сонли ахлоқ тузатиш қамоқхонасида интизомий комиссия мажлиси пайтида маҳкумлар жазони ижро этиш муассасаси ходимларини гаровга олди» — дейилади идора баёнотида. Колония Волгограддан 130 километр ғарбда жойлашган Суровикино шаҳрида жойлашган. Бу қаттиқ тартибли колония ҳисобланади.

Жазони ижро этиш федерал хизмати қўлга олиш натижасида «жабрланганлар борлиги» ҳақида хабар берди, аммо тафсилотларни келтирмади. «ТАСС» оператив хизматларга таяниб, бир кишининг ўлими ҳақида ёзди. Shot’нинг аниқлик киритишича, айнан навбатчи ҳужумчиларга қаршилик кўрсатишга уринган. Кейинроқ Mash икки киши — отряд бошлиғи ва тезкор бўлинма бошлиғи ҳалок бўлганини хабар қилди. Волгоград вилояти губернатори Жазони ижро этиш федерал хизматининг тўрт нафар ходими касалхонага ётқизилганини маълум қилди.

Дастлаб қанча одам гаровга олингани аниқлашни иложи бўлмаган. Shot’нинг ёзишича, колония раҳбари Андрей Девятов ва унинг ўринбосари гаровга олинган. Baza қайд этишича, Девятов қочишга муваффақ бўлган, аммо яраланган ва реанимацияга ётқизилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчилар уч-тўрт нафар бўлган. Улар ИШИДга алоқадор бўлиши мумкин, деди Baza ва Mash — худди июнь ойида Ростов-Дондаги 1-сонли тергов изоляторида одамларни гаровга олган маҳбуслар каби. Ушбу Telegram каналларига кўра, босқинчилар икки миллион доллар ва бир вертолёт талаб қилган. Кейинроқ жиноятчилардан бири ўз ҳаракатини «Крокус» терактида гумон қилинганларнинг қийноққа солингани учун қасос олиш билан изоҳлаган видеони эълон қилган.

Колонияда гаровга олинганларни қўлга олиш факти бўйича жиноий иш қўзғатилган. Кремль Владимир Путинга колонияда содир бўлаётган воқеалар ҳақида хабар берилганини маълум қилди.

Колония штурми

Колония Росгвардия томонидан штурм қилинди. Маҳаллий ОАВлар амалиёт соат 16:00 ларда бошланганини маълум қилди. Кейинроқ Росгвардия гаровга олинганларни озод қилиш амалиёти муваффақиятли якунлангани ҳақида хабар қилди.

Росгвардия маълумотига кўра, махсус кучлар 23 август куни штурм пайтида Волгоград вилоятининг Суровикино шаҳридаги 19-сонли ахлоқ тузатиш ҳибсхонасида тўрт маҳбусни ўлдирди, деб хабар берди «Интерфакс» идорага таяниб.

«Росгвардия махсус бўлинмаларининг Волгоград вилоятидаги мерганлари колония ходимларини гаровга олган тўрт маҳбусни тўртта аниқ ўқ билан зарарсизлантиришди. Гаровга олинганлар озод қилинди», — дейилади хабарда.

Волгоград вилояти губернатори Андрей Бочаров колониядаги ҳужумдан сўнг Федерал жазони ижро этиш хизматининг тўрт нафар ходими касалхонага ётқизилганини маълум қилди. Ҳудудда гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш бўйича тезкор штаб тузилган.

Суровикинский тумани марказий туман касалхонасида «Интерфакс»га хабар беришича, гаровга олингандан кейин уч киши реанимацияга юборилган.

Исён кўтарган маҳбуслар кимлар эди?

Baza ва «Осторожно, новости» Telegram каналларида исён кўтарган маҳбусларнинг фото ва видеолари эълон қилинди.

Унда қайд этилишича, гаровга олишда тўрт киши — Темур Ҳусинов (29 ёш), Рамзиддин Тошев (28 ёш), Назиржон Тошов (28 ёш), Рустамжон Наврўзий (23 ёш) иштирок этган.

Уларнинг барчаси гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар бўйича судланган, Хусинов эса баданга оғир шикаст етказишда айбдор деб топилган; унинг қамоқ муддати 2024 йил 8 ноябрь куни тугаши керак бўлган. Уларнинг барчаси биринчи марта судланган.

Каналларда тарқалган маълумотга кўра, уларнинг икки нафари — Рамзиддин Тошев ва Темур Ҳусинов Ўзбекистон фуқароси бўлган. Назиржон Тошов ва Рустамжон Наврўзий эса — тожикистонлик.

Бироқ сиздирилган сурат ва маълумотларга биронта ҳам манба кўрсатилмаган, расман тасдиқланмаган ҳам. Kun.uz Ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар беришича, Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги Бош консулхонасига Россия федерацияси расмийлари Волгограддаги колонияни гаровга олган маҳбуслар ўзбекистонлик эканини тасдиқламаган.