Ўзбекистоннинг молиявий ҳамкорлигида Мозори Шарифнинг (Афғонистон) Янги шаҳар ҳудудида қуриладиган диний мактабга тамал тоши қўйилди, дея хабар бермоқда TOLO news нашри.

Қайд этилишича, 0,6 гектарли объект қурилиши 6 млн долларга тенг бўлиб, у 1000 нафар талабага диний таълим бериш учун мўлжалланган.

«Бу мадраса Балх ҳокимининг илтимосига биноан қурилмоқда. Биз бу лойиҳага бир йил вақт ажратдик ва у шу вақтгача тугалланади», — деди Мозори Шарифдаги бош консул Фурқат Назаров.

Балх вилояти ахборот ва маданият бошқармаси раҳбари Забиҳуллоҳ Нуронийнинг сўзларига кўра, у Афғонистондаги энг катта мактаб бўлади.

«Мадрасанинг ташкил этилиши Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди», — деди вилоят таълим бошқармаси бошлиғи Абдужалил Шаҳидхил.

Бундан ташқари, бош консул Ўзбекистон томонидан Афғонистон фуқаролари учун таълим ва бизнес визалари тез орада қайта тикланишини қўшимча қилди.

Аввалроқ Афғонистонда Найбобод темирйўл станцияси очилганди, у ва унинг Ҳайратон — Найбобод — Мозори Шариф линияси «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси томонидан қайта тикланган.