Telegram асосчиси Павел Дуров Парижнинг Ле Бурже аэропортида ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда Франция оммавий ахборот воситалари.

TF1 телеканали 39 ёшли тадбиркор 24 август, шанба куни кечқурун Озарбайжондан хусусий самолётида Парижга учиб борганидан кейин қўлга олингани ҳақида маълумот берди. Дуровга унинг шахсий қўриқчиси ва исми номаълум аёл ҳамроҳлик қилган.

Хабарга кўра, Дуров Францияда қидирувдаги шахслар рўйхатига киритилган (Fichier des Personnes Recherchées, FPR). Уни ҳибсга олиш учун Франция суд-тергов полицияси дастлабки тергов асосида ордер берган.

Франция расмийлари Дуровни Telegram`да модерация етишмаслиги сабабли гиёҳванд моддалар савдоси, болаларга қарши жиноятлар ва фирибгарликда айбламоқда. «У ўз платформасида [ҳуқуқ-тартибот идоралари билан] модерация ёки ҳамкорлик қилиш учун ҳеч нарса қилмасдан, сон-саноқсиз қонунбузарликлар ва жиноятлар содир этилишига йўл қўйди», — дейилади хабарда.

TF1 суҳбатдошларидан бирининг қайд этишича, Дуровни ҳибсга олиш учун ордер фақат Францияда амал қилади. Тадбиркор мазкур мамлакатда «персона нон грата» эканини билган, Европа бўйлаб камроқ саёҳат қилган ва Telegram иши хавфсизлик кучлари назорати остида бўлган давлатлардан қочган. «Бугун у хато қилди. Сабабини билмаймиз», — деди у.

Қўшимча қилинишича, Франция ҳукумати Павел Дуровнинг ҳибсга олинишидан Европанинг бошқа мамлакатларига босим ўтказиш учун фойдаланиши мумкин.