Олтинкўллик Шоҳжаҳон Ўразалиев шу кунларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида энг кўп муҳокама қилинаётган шахслардан бири — у июль ойи охирида Андижондан Қорақалпоғистон томон пиёда йўлга чиқиб, жамоатчилик эътиборига тушди. Бир ойга қолмай, Ўзбекистоннинг турли нуқталарида — худди Ҳолливуднинг «Форрест Гамп» фильми қаҳрамони билан бўлгани сингари — унга эргашувчилар ҳам пайдо бўлди. «Газета.uz» Шоҳжаҳоннинг Instagram саҳифасидаги постлар, шунингдек, ижтимоий медиада у ҳақида қолдирилган маълумотлар асосида ёзнинг ушбу эътиборга молик ҳодисаси ҳақида ҳикоя қилади.

Ҳаммасига сабабчи коммент

Идора буюмлари (канцелярия) савдоси билан шуғулланувчи 25 ёшли Шоҳжаҳон Instagram’даги саҳифасида ўзига «Омон қолиш бўйича эксперт» деб таъриф берган. Нукус сафарига қадар у турли вазиятларда, масалан, морж, ит, торнадо,самолёт, акула ҳужум қилганида, озиқ-овқат етишмовчилигида қандай омон қолиш мумкинлиги ҳақида ҳазиломуз видеолар тайёрлаган. Мавзу топишда «Қандай қилиб фалон ҳолатда, фалон нарсадан омон қолиш мумкин?», деб савол қолдирадиган обуначиларининг ёрдамидан ҳам фойдаланган.

Ана шундай «ёрдамчи обуначи»лардан бири: «Андижондан Қорақалпоғистонгача пиёда боринг, эксперт!», деб изоҳ қолдиради — ҳаммаси шундан бошланади. «Ҳазиллашяпсизми, шу иссиқда-я?» — деб савол қўяди Шоҳжаҳон; аммо ғоя ўзига ҳам қизиқ кўринади ва ўзи ҳеч қанақасига ютқазмайдиган шарт қўяди: «Агар шу видео 48 соат ичида 25 минг лайк ва 25 минг коммент йиғса, ҳар қандай ишимни йиғиштириб, ҳатто «дунёни қутқариш» бўйича ишларимни ҳам ортга суриб, эмаклаб бўлса ҳам, қанча вақт кетса ҳам, Қорақалпоғистонгача пиёда бораман».

Скрин: Instagram / why_shohaСкрин: Instagram / why_shoha

28 июль куни тонг соат 4:45 да қўйилган видео 31 июль саҳар 5:00 гача 31 минг лайк ва 18 минг коммент йиғади. Шоҳжаҳон ваъдасини бажариш учун шу куни тонгги соат 8:45 да, кузатувчиларидан дуо қилишларини сўраб, «Аллоҳга таваккал қилиб», Андижондан Қорақалпоғистонга пиёда йўлга чиқади. Ўзининг айтишича, у мана шунга ўхшаш ғайриоддий таваккалчиликка илк бора қўл ургани йўқ — уч йил аввал, Россияда ишлаб юрганида 33 соат давомида бир тийин пулсиз кўчада яшаб кўрган.

Скрин: Instagram / why_shohaСкрин: Instagram / why_shoha

Қорақалпоғистонгача пиёда сафар қилмоқчилигини эшитган оила аъзолари аввалига бунга қарши бўлган, лекин Шоҳжаҳон уларни «бир амаллаб кўндирган». «Онам ўтиб кетганлар — ҳаққига дуо қилиб қўясизлар. Яқинларим қарорларимни қўллаб-қувватлашади — уйдагилар, дадам [билан] доим гаплашиб турамиз, Telegram’да кузатиб боришади», — деб таъкидлаган йигит.

Йўл азоби ва қувончлари

Шоҳжаҳон рюкзак, термос, повербанк, сочиқлар, соябон ва йўлда керак бўладиган яна бир неча буюмлар билан йўлга чиқади. Икки соат юргач, «оёқлари йиғлаб юбораётган» бўлса-да, кайфияти яхши эканлигини тасдиқловчи пост қолдиради: «Почталарингиз бўлса, олиб кетаман. Кетганга яраша, бир-икки сўм пул ишлаб кетай», деб ҳазиллашади. Кейинги видеосида ҳам бу хушчақчақликни тўхтатмайди: «Радар келяпти, секинроқ юрамиз, тез ўтиб кетиб, кейин мен ҳам ўйланиб юрмай — қачон жарима келади, деб».

Уни биринчи кунданоқ мухлислари қўллаб-қувватлашади, масалан, Бўстон туманида тўрт йигит сув билан кутиб олади. Тўхтовсиз етти соат — 30 километр юриб, Фарғона вилояти Ёзёвон туман марказига етиб боради ва «оёқлари „отказ“ бергани учун» икки соат дам олиб, яна йўлга тушади. Охири Ёзёвоннинг Сойбўйи шаҳарчасига етиб бориб, шу ерда тунаб қолади. Айтиш жоиз, сафарининг кейинги кунларида у йўлда учраган овқатланиш муассасалари, баъзида ёқилғи қуйиш шохобчалари, шунингдек, унинг сафарини кузатиб бораётган меҳмондўст обуначиларнинг уйларида тунаб қолмоқда.

Сафарнинг иккинчи кунида пойабзал билан боғлиқ муаммо чиқади: «Йўлга чиқишдан олдин оёқ кийимнинг ҳисобини олмаган эканман. Таги оёғимни оғритди, [ечиб олдим]. Иссиқ, тўхтаб қолсанг, оёқни куйдиряпти». Кўп ўтмай, Фарғонадаги дўконлардан бирининг вакиллари йўлда уни излаб топиб, кроссовка ва футболка совға қилиб кетади.

Скрин: Instagram / why_shohaСкрин: Instagram / why_shoha

Умуман олганда, йўл давомида у кўплаб совғалар эгасига айланади: масалан, сафарнинг 10-кунида бир тур-фирма унга Умра сафари учун 50 фоизлик чегирма беради (Қорақалпоғистонга етиб боролса, чегирма 100 фоизлик бўлади), 12-кунида эса андижонлик бир тадбиркор унга iPhone совға қилади. Самарқандда бир ўқув маркази инглиз тилини ўрганиш учун бир йиллик бепул сертификат тақдим этади. Аммо у бу совғани қабул қилолмаслигини билдиради. Шундан сўнг сертификат Шоҳжаҳон номидан 12 самарқандлик учун тил курсида бир ой бепул ўқиш имкониятига айланади.

Сафарнинг 6-кунидан бошлаб унинг Instagram саҳифасида рекламалар жойлаштириш бўйича буюртмалар туша бошлаганини ҳам, эҳтимол, эътиборга молик бир ютуқ деб билиш мумкиндир.

Шоҳжаҳон деярли ҳар бир видеосида, ўзини назарда тутаётган бўлса-да, «биз» деб гапиради. «Нега „биз“ деб гапирасиз, ёнингизда бирор ҳамроҳингиз ҳам борми?», деган саволга у шундай жавоб берганди: «Йўқ, бир ўзимман. Лекин, кўряпсизлар — шунча одам қўллаб-қувватлаб, кузатиб турибди. Сизлар бўлмаганингизда, шунчалик қўллаб-қувватламаганингизда мен шу ергача етиб кела олардим, деб ўйламайман. Шунинг учун ҳам „ўзим“ деб гапиролмайман, „биз“ деб гапираман».

Бу сафарда Шоҳжаҳоннинг энг асосий ютуғи — Instagram’даги кузатувчилари сони каррасига ошгани бўлди. Йўлга чиқиши арафасида унинг 58 минг обуначиси бор эди. Сафарнинг 14-кунида обуначилар сони 200 мингга етди. «Бунақа бўлишини ўзим ҳам кутмагандим», — деганди у ўшанда. Орадан бир ҳафта ўтиб, Самарқандни айланаётганида, обуначилар сони 300 мингдан ўтди. «Экспертлар, бугун биз 300 минг бўлибмиз. 200 мингни [Сирдарёда] кўчада, йўл бўйида нон еб нишонлаган эдик. Қаранглар, бугун қаердамиз? Samarqand City’нинг энг баланд қисмида!», — дея қувонч билан тунги Самарқанддан видео улашади. Ушбу мақола чоп этилиши арафасида, 25 август куни соат 12:00 да, Шоҳжаҳоннинг обуначилари сони 370 мингдан ошган эди.

Скрин: Instagram / why_shohaСкрин: Instagram / why_shoha

Шоҳжаҳон йўл давомида қанчадан қанча дарёю сойларни кўрди, зиёратгоҳу масжидларга кирди. Умрида биринчи марта қудуқдан сув олиб ичди, туя сутидан, Жиззах сомсадан тотиб кўрди. Салкам бир ойдан бери қуёш чиқишию ботишини поёнсиз далалар бағрида, охири кўринмас йўллар бўйида қарши оляпти.

Кузатувчиларнинг: «Шу пайтгача бирор марта бўлса ҳам тўхташ фикр хаёлингизга келмадими?», деган саволига жавоб бераркан, сафарнинг 2-кунида олиб қўйгану лекин чиқармаган видеосини улашган. Унда нима қилиб бўлса ҳам сафарни давом эттиришини айтган Шоҳжаҳоннинг оёғининг таги тилиниб, ачишганидан юролмай қолган акс этган.

Дарвоқе, у Қорқалпоғистонга эсон-омон етиб борса, ортга пиёда қайтмаса керак: бир такси хизмати аллақачон уни уйига етказиб қўйиш бўйича таклиф берган.

Шоҳжаҳондан илҳомланганлар

Шу вақтгача Ўзбекистонда пойтахтдан бошқа бегона шаҳарни кўрмаган Шоҳжаҳон ўз сафари давомида саргузаштталаб ўзбекистонликлар кам эмаслигини ҳам кўрсатиб беряпти. Масалан, сафарининг 16-куни, Жиззах вилоятига кирганида, Самарқанддан Қозоғистон пойтахти Остонага пиёда йўлга чиққан кишини учратади ва унга повербанкини совға қилади. Шунингдек, шу Жиззахнинг ўзида Ўзбекистоннинг 12 та вилоятини велосипедда айланиб чиқмоқчи бўлган бола билан танишиб қолади.

Улар-ку майли, Шоҳжаҳоннинг юришини кўриб, ундан илҳом олганлар ва аллақачон йўлга чиққанлар ҳам талайгина. Масалан, навоийлик Шаҳзод Шоназаров Шоҳжаҳоннинг видеосини кўриб, агар видеоси икки кун ичида 10 минг лайк ва 10 минг коммент тўпласа, Нукусдан Андижонга қараб — Шоҳжаҳонга қарама-қарши йўналишда пиёда йўлга чиқишга қарор қилган. Турган гапки, сўралган лайк ҳам, коммент ҳам йиғилган ва йигит 6 август куни поездда Навоийдан Нукусга борган ва 7 августдан «Андижон, қайдасан!», дея йўлга чиққан. Шаҳзод 22 август ҳолатига Бухоро вилоятининг Газли шаҳарчасига етиб борган эди. 25 август ҳолатида эса Бухоро шаҳрида бўлиб турибди.

Айнан 7 август куни Илкнур Аҳмаджонов исмли Instagram фойдаланувчиси ҳам Шоҳжаҳондан илҳомланган ҳолда Қўқондан Орол денгизигача боришга қарор қилгани, сафарни 11 августдан бошлашини эълон қилган. Энг эътиборилиси, у Шоҳжаҳоннинг бир видеоси остида «Агар шу комментим мингта лайк йиғса, Қўқондан Орол денгизигача пиёда бораман», деб ёзган экан. 1700 лайк тўплагач ваъдасини баржаришни бошлабди. 22 август ҳолатига кўра, у Жиззах вилоятига етиб борган. Шоҳжаҳон ва Шаҳзоддан фарқли ўлароқ, Илкнурнинг ёнида йўл бошидан унга ҳамроҳ бўлган шериги ҳам бор.

Дарвоқе, ҳамроҳлар масаласида. «Форрест Гамп» фильми бош қаҳрамони бир куни шунчаки, ҳеч қандай сабабсиз АҚШ бўйлаб югуриб кетиб, ортидан у билан бирга югурувчи юзлаб издошларини тўплагани каби, Шоҳжаҳонга ҳам ҳамроҳ бўлиб, у билан бирга Нукусгача пиёда бориш истагини билдирганлар кўп. Лекин Instagram қаҳрамонининг ўзи бундай таклиф билан чиққанларнинг барига рад жавобини беради.

«Бугун сафарни кеч бошладим, чунки кеча ухлашга кеч ётгандим. Олдимга бир водийлик [ёш] бола келиб, „мени ҳам шерик қилиб олинг“, деди. Илтимос, бундай деб келманглар. Йўл узоқ, осон эмас. Эртага, Худо кўрсатмасин, бир нарса бўлиб қолса, яқинларингиз: „Ҳа, болам ўзи қилган“, демайди, менинг олдимга келади. Мен бундай жавобгарликни олиш ниятим йўқ. Мен ҳеч кимни шерик қилиб олмайман», — дея видеомурожаат қолдирган Шоҳжаҳон сафарининг 17-кунида.

Одамлар нима деяпти, нима қиляпти?

Бошида Шоҳжаҳонга йўлнинг узоқлиги, Қизилқум чўлида салкам 300 км масофада бирор овқатланиш ва дам олиш жойи йўқлиги, қийналиб қолиши мумкинлигини айтиб, уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлганлар кўпроқ эди, аммо унинг ҳаракати, шижоатини кўриб, кейинчалик қўллаб-қувватловчилар сони кескин ошган.

Фойдаланувчилар йўл азобларини енгиб ўтиш борасида беминнат маслаҳатгўйга айланган, масалан, офтобдан ҳимояловчи кремлар олиш, магнит бўронларида бошини эҳтиёт қилиш, оғримаслиги учун оёқни кечқурун деворга тираб, кўтариб ётиш каби маслаҳатлар айнан комментаторлардан чиққан. Шоҳжаҳон шу каби тавсияларга амал қилиб, сафарининг 2-кунидан турли витаминлар, хусусан, кальций ича бошлаган. Йўл давомида терисининг ранги қорайиб, қийналаётганини сезган айрим фойдаланувчилар унинг ортга қайтишига ёки сафарни ҳеч бўлмаса велосипедда давом эттиришига ҳам рози эканлигини ёзган.

Айни вақтда, бошқа бир гуруҳ кузатувчилар Шоҳжаҳон мана энди «тирик қолиш бўйича ҳақиқий эксперт»га айланаётганини таъкидлаган.

Шоҳжаҳонни нафақат Ўзбекистондагилар, балки хориждаги ватандошлар ва қардошлар ҳам кузатиб боряпти — Туркия, Қозоғистондан ёзилган фикрлар ҳам кам эмас. Бундан ташқари, Шоҳжаҳоннинг постлари остида у баҳона лайк тўплаш бўйича чинакам челленж бошланиб кетган деса ҳам бўлади. Масалан, «шу комментим 50 минг лайк йиғса, шу болага Gentra совға қиламан!» деган изоҳ 2 мингдан ортиқ лайк тўплаган бўлса, «Агар комментим 200 та лайк йиғса, шу болага турмушга чиқаман», деб ёзган қизнинг изоҳида лайклар сони аллақачон 700 тадан ошиб кетган.

Шоҳжаҳоннинг таъкидлашича, унинг номидан сохта, ёлғон профиллар очиб, пул сўраш ҳолатлари ҳам юз бераяпти. У сафарининг 15-кунида қилган видеомурожаатида ҳеч қачон пул сўрамаслиги, агар унинг номидан кимдир чиқиб, пул сўраса, бу ҳақда Instagram’га шикоят қилиш зарурлигини тушунтирган.

Шоҳжаҳон фақат Instagram’да «авжига чиқаётгани» йўқ, балки офлайн ҳаётда юлдузга айланяпти, деб айтиш мумкин. Йўлда машиналар тўхтаб, тинмай ҳол-аҳвол сўрайди, салқинлаб олиш учун салонга таклиф қилади. Масалан, сафарининг 18-кунида у: «Ҳаётим умуман бошқача бўляпти… Мана, кўришинглар мумкин — ҳар 5−10 минутда йўлда тўхтаб, салом-алик қилиб кетишяпти. Раҳмат, борингларга шукур!», — деб пост қолдирганди. Ҳатто бир сафар, Самарқанд вилоятида, машиналар кортежи томонидан шарафланди ҳам. Сафари бехатар ўтиши, эсон-омон манзилига етишини Худодан сўраб дуо қилганларнинг саноғи бўлмаса ҳам керак.

Ҳамма ҳам шунчаки салом-алик қилмайди, Шоҳжаҳонга нимадир илингиси келадиганлар ҳам талайгина. Сафарнинг 19-кунида Шоҳжаҳон шундай сахий инсонларга бир илтимос билан мурожаат қилишга мажбур бўлди: «Илтимос, йўлда менга нарса кўтариб келманглар, чунки олмасам хафа бўлиб қоляпсизлар. Мен йўлдаги одамман, берган нарсангизнинг ҳаммасини олиб кетолмайман, менга юк бўлади холос. Илтимос, тўғри тушунинглар. Худога шукр, ҳамма нарсам бор». Ва охирида шундай қўшимча қилади: «Шунчалик қўллаб-қувватлаб чиққанларингизга раҳмат каттакон. Менга шунинг ўзи етади».

Шоҳжаҳон 23 август куни Самарқанд вилояти Пастдарғом туманининг Жума шаҳрида эди. У йўлдаги «Хавфли бурилиш» йўл белгиси олдида туриб дам оларкан, уни ўз ҳаётига қиёслаган ва ўзи ҳам ҳозир ҳаётининг муҳим бир бурилиш палласида эканини таъкидлаган. Дарҳақиқат, бу фикрга қўшилмаслик мумкин эмас.