Шу кунларда Россиянинг турли ҳудудларида қаровсиз қолиб кетган 31 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди, деб хабар бермоқда Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили — болалар омбудсмани идораси.

Жумладан, 25 август куни 9 нафар бола, бундан аввал эса 22 нафар бола (13 нафари — Санкт-Петербург шаҳридан, 9 нафари — Москва шаҳридан, 8 нафари — Новосибирск шаҳридан, 1 нафари — Қозон шаҳридан олиб келинган) Ички ишлар вазирлиги вакиллари томонидан ватанга қайтарилди.

Фурсатдан фойдаланиб, болалар омбудсмани бола манфаатларини таъминлаш йўлидаги тезкор ҳамкорлиги учун Россия болалар омбудсмани Мария Львова-Беловага ўз миннатдорлигини билдиради ва ўзаро конструктив ҳамкорлигини давом эттиради, дейилади хабарда.

Август ойи ўртасида ҳам Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 8 нафар бола (улар мана шу 31 боланинг ҳисобида) Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида ёзгандик. Улар Новосибирск, Иркутск, Красноярск ва Владивосток шаҳарларидан тўпланган.