Шавкат Мирзиёев 26 август куни «Шарқ тароналари» 13-халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимида қатнашиб, нутқ сўзлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Унинг таъкидлашича, пандемия туфайли юзага келган беш йиллик танаффусдан сўнг ўтаётган фестивалини санъаткорлар ҳам, мухлислар ҳам соғинган. Президент «Шарқ тароналари» моҳиятан «Жаҳон тароналари» фестивалига айланганини айтди.

«Бу ҳақиқатни биринчи фестивалда 31 та мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йил барча қитъалардаги 80 га яқин давлатдан 400 нафардан зиёд санъаткор ва олимлар иштирок этаётгани ҳам тасдиқлайди», — деди у.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда «Шарқ тароналари» анжумани билан бирга, халқаро мақом санъати, бахшичилик санъати, ҳунармандчилик фестиваллари, фольклор ва рақс санъати бўйича «Буюк ипак йўли», «Лазги» халқаро фестиваллари, Тошкент халқаро кинофестивали сингари йирик маданий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинаётганини қайд этди. Булар, унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг жаҳон аҳлини тинчлик-тотувликка, қардошлик ва аҳилликка чақирадиган «эзгу даъватидир».

Президент жамиятлар ичида маънавий таназзул илдиз отаётган нотинч ва таҳликали замонда азалий қадриятларни, одамийлик қиёфасини сақлаб қолиш тобора мушкул бўлиб бораётганини билдирди.

«Айниқса, муқаддас мусулмон динининг гуманистик моҳиятини очиб бериш, ислом аввало эзгулик, тинчлик, илм-маърифат ва маданият таълимоти эканини яна бир бор таъкидлаш, исломофобия кўринишларига барҳам беришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ниҳоятда долзарбдир», — таъкидлади давлат раҳбари.

У «Шарқ тароналари» фестивалининг тарихи ва анъаналарини, Шарқнинг бой ва ранг-баранг мусиқий маданиятига доир маълумотларни ўзида мужассам этадиган алоҳида энциклопедия ва унинг виртуал шакли — кўп тармоқли ахборот платформасини яратишни таклиф қилди. Қомусни тайёрлаш, жаҳоннинг турли музей ва кутубхоналари, архив ва фондларида тарқоқ ҳолда сақланаётган маълумотларни тўплаш, уларнинг ягона базасини яратиш ва келажак авлодларга етказишда иштирок этишга чақирди.

«Афсуски, мана шундай ноёб тароналар кўпинча фақат бир анжуман доирасида янграйди, халқаро миқёсда кенг тарғиб қилинмайди. Шу боис фестивалимизнинг барча ғолиб ва совриндорлари иштирокида дунё мамлакатларининг нуфузли саҳналарида катта-катта концерт дастурларини намойиш этиш таклифини билдирсам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайсизлар», — дея қўшимча қилди у.

Давлат раҳбари анжуман доирасида ўтказиладиган «Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ишига муваффақият тилади. Фестивални ташкил этишга ҳисса қўшганларга миннатдорчилик билдирди.